Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўзбекистонлик рақибидан нокаутга учраган боксчи шифохонага ётқизилди

Кеча Екатеринбургда ўзбекистонлик Баҳодир Жалоловдан нокаутга учраган америкалик боксчи Ричард Торрес жангдан сўнг шифохонага тушиб қолди, деб ёзмоқда Sputnik.

Хабарда айтилишича, Торрес жангдан сўнг ўз оёғи билан тез ёрдам машинасигача етиб борган ва унда Екатеринбург клиникаларидан бирга олиб борилган.

Маълумот учун, Баҳодир Жалолов Екатеринбургда бўлиб ўтаётган бокс бўйича жаҳон чемпионатининг энг оғир 91+ килограмм вазн тоифасида иштирок этмоқда. Кеча ўзбекистонлик боксчи чорак финал баҳси учун америкалик боксчи билан рингга чиққан эди. Баҳодир Жалоловнинг тўлиқ устунлигида ўтган жанг 1-раунддаёқ нокаут билан якунланган.

Эслатиб ўтамиз, 18 сентябрь куни Екатеринбургда бўлиб ўтган чорак финал баҳсларида беш нафар ўзбекистонлик боксчилар ярим финал йўлланмасини қўлга киритди:

52 килограмм вазн тоифасида Шаҳобиддин Зоиров

57 килограмда - Миразиз Мирзаҳалилов

69 килограмда - Бобоусмон Батуров

81 килограмда - Дилшодбек Рўзметов

91+ килограмда - Баҳодир Жалолов.