Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Ўздонмаҳсулот” АК: Ун маҳсулотларининг тўлиқ биржа савдолари орқали сотилиши монополистик ва коррупцион ҳаракатларнинг олдини олади

“Ўздонмаҳсулот” АК ахборот хизматининг маълум қилишича, юртимизда аҳолини ун, нон ва нон маҳсулотлари билан ўз вақтида таъминлаш, ушбу маҳсулотга бўлган талабнинг қондирилиши муҳим саналади. Етиштирилган буғдойни давлат ресурсларига қабул қилиш ва уни қайта ишлаб, аҳолига етказишга ихтисослашган “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси ва унинг таркибидаги корхоналар томонидан бу борада тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Жорий йилнинг 2 октябрь санасида Ўзбекистон Фермер, деҳқон ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан ҳукуматдан ғаллачилик фермер хўжаликларида етиштирилган донни эркин нархларда сотиш тизимини йўлга қуйиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига мурожаатнома киритилган.

Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2019 йил 9 октябрда “Ғалла етиштирувчи фермер хўжаликларининг молиявий барқарорлигини таъминлаш тўғрисида”ги қарори чиқарилиб, мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан қарор қабул қилинди.

Ушбу қарорга асосан “Ўздонмаҳсулот” АК тизимидаги ва бошқа донни қайта ишлаш корхоналари томонидан ишлаб чиқарилаётган ун ва ун маҳсулотларининг ҳеч қандай чекловларсиз эркин бозор механизмларига асосланган ҳолда сотилиши кўзда тутилган.

Мазкур қарор бозор муносабатларини иқтисодиётнинг барча жабҳаларига кенг жорий этиш, тадбиркорлик субъектлари фаолияти ҳамда ташқи иқтисодий фаолиятни эркинлаштириш, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларининг ғалла ва уни қайта ишлашдан олинадиган маҳсулотларга ошиб бораётган талабларининг тўлиқ қондириш имкониятларини яратади.

Шуни таъкидлаш жоизки, 2018 йилнинг октябрь ойидан бошлаб “Ўздонмаҳсулот” АК корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган олий навли ун барча истеъмолчимлар учун биржа савдолари орқали ҳеч қандай чекловларсиз эркин сотилмоқда.

Бундан ташқари, 2019 йилнинг март ойидан буён макарон, қандолатчилик маҳсулотлари ҳамда ноннинг миллий турларини ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган корхоналарга биржа савдоларида сотилмоқда.

Шу билан бирга, 1-навли уннинг улгуржи ва чакана нархларини маъмурий тартибда белгилаш нархларни шакллантиришнинг тўлақонли бозор механизмларини жорий қилиш имконини бермаяпти ва бунинг оқибатида ун ва ун маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи ташкилотлар ишлаб чиқарилган ва сотилган ҳар бир тонна ундан салкам 900 минг сўмдан зарар кўрмоқда.

Эндиликда, ишлаб чиқарилган ун маҳсулотларининг тўлиқ биржа савдолари орқали сотилиши айрим нохолис, монополист ҳаракатлар ва коррупция ҳолатларини бартараф этишда ёрдам беради. Барча турдаги истеъмолчилар ўз моддий имкониятларидан келиб чиқиб, биржа савдолари орқали харидларни амалга ошириш имкониятига эга бўладилар.

Ушбу қарор натижасида дон корхоналарининг ишлаб чиқариш харажатлари қопланиши ва фаолиятларини зарарсиз олиб боришларига кенг имкон яратилади. Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш мақсадида компенсация тўловлари жорий этиш қарорда кўрсатиб ўтилган.

Бугунги кунда, “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси тизимидаги 44 та дон корхоналари тасарруфида 52 та тегирмон цехлари аҳоли талабини қондира олувчи сифатли маҳаллий ун маҳсулотини ишлаб чиқариш орқали хизмат қилиб келмоқда.

Компания таркибидаги корхоналарда фаолият юритаётган тегирмонлар технологик ҳолатидан келиб чиқиб, доимий замонавий технологиялар асосида модернизация қилиб борилмоқда. Жумладан, жорий йилда кунлик 2,3 минг тонна ун ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган 10 та тегирмон цехлари хорижий давлатларнинг замонавий, энергия тежамкор технологиялари асосида модернизация қилиш ишлари олиб борилмоқда. Натижада ишлаб чиқарилаётган ун маҳсулотларининг сифати янада яхшиланиши, электр энергия сарфининг 25-30 фоизга қисқаришига эришилади.