Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

"Ўзтрансгаз" ҳайдовчиларга огоҳлантириш билан чиқди

“Ўзгидромет” хизматининг маълумотларига кўра, яқин кунларда, республикамизнинг барча ҳудудларида об-ҳавонинг кескин совиб кетиши кутилмоқда.

Аҳолининг, ижтимоий аҳамиятга эга объектларнинг, шунингдек, республиканинг иссиқлик, электр-энергия ишлаб чиқарувчи корхоналарининг табиий газга бўлган эҳтиёжи куннинг кечки вақтларида (соат 17:00 дан 22:00 гача) кескин ошиб кетади ва бу газ таъминоти тизимида айрим муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.

Ана шу ҳолатни инобатга олиб, "Ўзтрансгаз" ҳайдовчиларни огоҳлантиради:

“Ҳурматли автотранспорт эгалари! Куннинг кечки вақтларида (соат 17:00 дан 22:00 гача) аҳолига, ижтимоий аҳамиятга эга объектларга, шунингдек, республиканинг иссиқлик, электр-энергия ишлаб чиқарувчи корхоналарига табиий газ максимум етказиб берилишини инобатга олиб, Сизлардан автомашиналарингизга сиқилган газ қуйишда ушбу вақтларда вужудга келиши мумкин бўлган вазиятларга тушунган ҳолда муносабатда бўлишингизни сўраймиз.

“Ўзтрансгаз” АЖ истеъмолчиларни табиий газ билан таъминлашдаги узилишларнинг олдини олиш учун барча чораларни кўради.

“Ўзтрансгаз” АЖ аввалдан келиб чиқиши мумкин бўлган вақтинчалик ноқулайликлар учун Сизлардан узр сўрайди”.