Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Президент фармони билан 58 киши афв этилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармони имзоланди.

Фармонга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига асосан билиб-билмай жиноят содир этган, ҳозирги вақтда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган жазо муддатини ўтаётган 58 нафар фуқаро афв этилди.

Афв этилган шахсларнинг 41 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинади, 3 нафарига тайинланган жазо енгилроқ жазо билан алмаштирилади. Бир сўз билан айтганда, 44 нафар шахс жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинмоқда. Шунингдек, 14 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилади.

Афв этилганларнинг 2 нафарини аёллар ташкил этади.

Фармон ижроси юзасидан афв этилган шахсларнинг оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш юзасидан масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди.