Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қарздор ота фарзанди учун 40 миллион сўм тўлаб берди

Фуқаролик ишлари бўйича Паст Дарғом туманлараро судининг қарори билан фуқаро Отабек Намозовдан ундирувчи Муножот Рашидованинг бир нафар вояга етмаган фарзанди моддий таъминоти учун маошининг тўртдан бир қисми миқдорида алимент ундириб бориш белгиланган.

Бу ҳолат бўйича Мажбурий ижро бюроси Паст Дарғом тумани бўлими томонидан ижро иши юритилган. Анчадан буён фуқаро О.Намозов алимент тўловларини тўламасдан келаётган эди.

Бугунги оғир шароитда муқим даромади бўлмаган, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш нақадар муҳим эканлигини инобатга олган ҳолда Бюронинг туман бўлими ходимлари томонидан тушунтириш ва профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шу жумладан, қарздор О.Намозов билан ҳам атрофлича суҳбат ва тушунтириш ишлари ўтказилиб, бугунги синов кунларида фарзандларини моддий қўллаб-қувватлаш ҳар бир отанинг бурчи экани ётиғи билан тушунтирилди.

Мажбурий ижро бюроси Паст Дарғом тумани бўлимининг хабар беришича, бундай маслаҳат ва суҳбатдан ўзига тўғри хулоса чиқарган қарздор ота шу куни фарзанди таъминотини ўйлаб, вояга етгунига қадар ҳисоблаган ҳолда 40 миллион сўм пулни тўлаб берди.