Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қирғизистондан гиёҳвандлик воситаси олиб ўтган шахс ушланди

2020 йил 3 июль куни соат 23:00 да 59 ёшли С.К. Қирғизистон Республикаси фуқароси «М» исмли шахс билан жиноий тил бириктириб божхона назоратини четлаб, «М»нинг ёрдамида Қирғизистон Республикаси билан Ўзбекистон Республикасини ажратиб турувчи, божхона назорати ўрнатилмаган «Норин» дарёси орқали, дарёнинг Қирғизистондаги қирғоғидан Ўзбекистондаги қирғоғига қараб, балиқ тутишга мўлжалланган қармоқ ёрдамида «гашиш» гиёҳвандлик воситасини олиб ўтказганидан сўнг С.К. ушбу гиёҳвандлик воситасини яшаш уйи дарвозахонасига олиб бориб, яшириб қўйган.

Шундан кейин С.К. ўзининг таниши, 44 ёшли Р.А. билан жиноий тил бириктириб, 2020 йил 5 июль куни 513,53 грамм «гашиш» гиёҳвандлик воситасини 3.500 АҚШ долларига сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шунингдек, шу куннинг ўзида С.К.нинг яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганида, яшаш уйида 0,21 грамм «марихуана», 13,47 грамм «гашиш» ва 0,74 грамм “кўкнор сомони” гиёҳвандлик воситаларини сақлаб келганлиги аниқланиб, мазкур воситалар процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни кўп миқдорда қонунга хилоф равишда сотиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, ҳозирда Учқўрғон тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилиб, С.К. ва Р.А.лар гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб, уларга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.