Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Қишлоқ қурилиш банк” карантиндан олдинги ва кейинги кредит тўловларимизни нега тан олмаяпти?

Жорий йилнинг 17 декабрь куни “Ёшлар уйи”да истиқомат қилувчиларга нега “Қишлоққурилишбанк” ходимлари карантин давридаги кредит қарздорлигини бирйўла тўлашни талаб қиляпти?” мазмунидаги мурожаатим эълон қилинган эди.

22 декабрь санасида ушбу нашр орқали “Қишлоқ қурилиш банк” АТБ Самарқанд минтақавий филиали бошқарувчиси Т.Шодиев томонидан “Мурожаатчи март ойидан буён кредитга ҳисобланган фоиз тўловларини амалга оширмаган” сарлавҳаси билан берилган муносабати энсамни қотирди.

Ҳолбуки, пандемия давридан кейин - октябрь ойидан бошлаб (7.10.2020 йил 1.000.000 сўм, 5.11.2020 йилда 1.000.000 сўм, 4.12.2020 йилда 1.450.000 сўм, 21.12.2020 йилда 700.000 сўм, жами 4.150.000 сўмни) кредит тўловларини амалга оширганмиз. Бу ҳақдаги тўлов қоғозларини илова қиламан.

Энди бизга банк томонидан йўлланган “Судгача огоҳлантириш хати”да “шу пайтгача бўлган тўловларни мутлақо амалга оширмаган”, деган асоссиз айб қўйилмоқда. Бу борада ҳам қўлимизда 2019 йилнинг сентябрь ойидан бошлаб, 2020 йилнинг февраль ойигача бўлган тўлов квитанциялари мавжуд.

Муносабат матнида “АТБ “Қишлоқ қурилиш банк” бошқарувининг 2020 йил 6 апрелдаги № 8-сонли ва 2020 йил 27 майдаги №16-сонли йиғилиш баёнларида Covid-19 пандемияси туфайли қийинчиликка учраган жисмоний шахсларнинг жорий йил апрель-сентябрь ойлари давомида қайтарилиши лозим бўлган кредит тўловларининг асосий қарз қисми 2020 йил 1 октябрь санасига қадар кечиктирилишига ҳамда кредит шартномасининг охирги муддатини мос даврга узайтирилган ҳолда тўланишига розилик берилган. Фоиз тўловлари учун эса кредит таътили жорий этилмаган”, дейиляпти. Шундай бўлган тақдирда нега пандемия даври, деб ҳисобланувчи апрель-сентябр ойларида банкнинг бирор ходими кредит фоизи масаласида мижозларга қўнғироқ қилиб, тўлаши лозимлиги ҳақида огоҳлантирмади? Шу ўринда банк ходимлари “Уч кун ичида тўланг”, дейишга қонунан ҳақлими?

Банк мутасаддиси ходимларининг мижозларга нисбатан қўпол муомаласи, “тўламасанг, судга бераман”, деган дағдағалари ҳақида муносабат билдирмасдан, эътиборни пандемия даврида олган иш ҳақимизга қаратгани ажабланарли.

Ҳолбуки, бутун дунё аҳолисини саросимага солган бу касаллик бизнинг оиламизни ҳам четлаб ўтмади. Кетма-кет фарзандларим, ўзим ва турмуш ўртоғим шу дард билан курашдик. Банкнинг мутасадди ходимлари дори-дармонга қанча, рўзғорга қанча харажат қилганимизни ҳам батафсил ҳисоб-китоб қилганларида оилавий бюджетимиздаги кирим-чиқим харажатлардан кредит учун орттиролмай қолганимизга амин бўлишарди.

Яна шу саволни такрорлайман, банк ходимлари пандемия даврида тўланмаган кредит суммасини бирйўла тўланглар, дейишга ҳақлими?

Зарина РАҲМОНОВА.