Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Рангтасвирчи рассомлар орасида нега академиклар йўқ?

Самарқандда миниатюра санъати темурийлар даврида қўлёзмаларни бадиий безаш ишлари билан уйғун ҳолда ривожланган бўлса, XVII асрда миниатюрачи рассомлар Муҳаммад Нодир Cамарқандий ва Муҳаммад Мурод Самарқандийлар ўзига хос “Сиёҳи қалам” каби услублари билан портрет жанрида катта янгилик ясади.

1931 йилда Самарқандга келган Чингиз Аҳмаров Самарқанд бадиий техникуми, у ерда ўқийдиган болалар, рассомчиликда дарс ўтаётган домлалар ҳавасимни келтириб, ўзига чорлар эди, деб эслайди. Чунки бу масканда Ўзбекистон халқ рассоми Павел Беньков ва унинг шогирдлари машҳур шаҳар тарихи, меъморий ёргорликлари, миллий либос кийган мўйсафидлар ҳамда оқ рўмол ёпинган аёллар тасвирини Самарқанднинг гўзал табиати фонида ифода қилиб беришар эди.

П.Беньковнинг шоҳ асарлари - “Дугоналар”, “Янги оилада”, “Бибихонимда баҳор”, “Жангчига совға”, “Регистонда 8 март” кабилар мана шундай ҳайратлар натижасида чизилган.

Самарқандда миниатюра санъатининг ривожланиши ва муносиб давом этишида Намоз Султонов ҳам салмоқли ижод қилди. Талабалик йилларидаёқ,  рассом Чингиз Аҳмаровдан сабоқ олди. Мирзо Улуғбек фильмига эскизлар ишлаш, Улуғбек расадхонаси музейининг ички деворлари ҳамда Тошкентдаги Шарқшунослик музейини маҳобатли тарзда безаш ишларида устози сабоқлари қанот бўлди.

Намоз Султонов ижодий ишларини кузатар экансиз монументал рангтасвирдан ташқари, энг мураккаб жанр - портрет жанри асосий ўринни эгаллайди. Рассом, лирик асарлар куйчиси, шу сабабли замондошлари портретларининг яхлит бир галереясини яратган. Улар орасида етук санъаткорлар – таъмирчи, ганчкор уста Иброҳим Шермуҳамедов, уста кулол Абдураҳим Мухторов, таниқли ҳайкалтарош Аҳмад Шоймуродов, шоир Душан Файзий, ўнлаб автопортретлар ва самарқандлик замондош талаба ёшлар сиймоси учрайди.

1992 йилда санъатшунос Г.Темурова томонидан Москва шаҳрида “Самарқандлик рассомлар” кўргазма каталоги чоп эттирилди. 1997 йилда “Гўзаллик дунёни қутқаради”, 1999 йилда эса “ART and Beauty” номли халқаро кўргазмаларда рассомлар Аслиддин Исаев, Г.Улько, Н.Султонов, М.Саматов фаол иштирок этди. Рассомлар А.Исаев ва Х.Салоҳиддиновлар ажойиб деворий расмлар яратдилар. Шу асосда 1999 йилда Кореяда рангтасвирчи рассом А.Исаевнинг ижодий альбоми нашрдан чиқди.

Бугун Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси Самарқанд вилоят бўлимида 90 га яқин аъзо, 2 нафар Ўзбекистон бадиий академияси ҳақиқий аъзоси, академик (кулоллар), 4 та Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, 2 та Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, 2 нафар яна бошқа давлат мукофоти лауреати, кўплаб истеъдодли рассом, ҳайкалтарош ва кулоллар фаолият кўрсатади. Уларнинг ижодий ишлари доимий равишда халққа намойиш этилмоқда.

Самарқанд ўзининг ижодий салоҳияти бўйича пойтахтдан кейинги ўринда туради. Аммо Ўзбекистон бадиий академияси ташкил этилганидан буён шаҳримиз рангтасвирчи рассомлари орасида бирорта ҳам академик йўқлиги оғриқли нуқтамиз. Келажакда дастгоҳли ва монументал санъат йўналиши рассомлари орасидан ҳам академиклар, халқ рассомлари етишиб чиқишини истаймиз.

Дилшода СУЛТОНОВА,

санъатшунос.