Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Россияда икки нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди

Россиянинг Омск вилоятида рўй берган йўл-транспорт ҳодисасида икки нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди. Бу ҳақда ТИВ консуллик-ҳуқуқий департаменти хабар бермоқда.

Ўзбекистоннинг Новосибирск шаҳридаги (Россия) Бош консулхонаси берган маълумотга кўра, 2019 йилнинг 30 август куни Омск вилоятининг Москаленки туманидаги автомобиль йўлида йўл-транспорт ҳодисаси рўй бериб, унинг оқибатида уч киши, хусусан Ўзбекистон фуқаролари А.С. ва Н.М. ҳалок бўлди. Ўзбекистон фуқаролари Г.С. ва М.А. турли даражадаги кўп сонли оғир жароҳатлар олиб, Москаленки туман касалхонасига ётқизилди.

Уларга тегишли ёрдам кўрсатилмоқда ҳамда Омск шаҳридан мутахассислар ҳам чақиртирилди.

Бош консулхона вазиятни назоратга олди, Омск вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ва даволовчи шифокорлар билан алоқа ўрнатган. Ҳозирда ҳамюртларимизнинг жасадларини ватанга юбориш ва жабрланганларга ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ консуллик-ҳуқуқий ва ташкилий масалалар ҳал қилинмоқда.

Омск вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги давлат инспекцияси хабарига кўра, мазкур ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилади.

Консуллик-ҳуқуқий департаменти марҳумларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик изҳор этади ҳамда Россиянинг Сибир федерал округи (Олтой Республикаси, Олтой ўлкаси, Бурятия Республикаси, Иркутск вилояти, Байкал орти ўлкаси, Кемерово вилояти, Красноярск ўлкаси, Новосибирск вилояти, Новосибирск шаҳри, Омск вилояти, Томск вилояти, Тува Республикаси, Ҳакасия Республикаси) ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига улар зарурат туғилган ҳолатларда мамлакатимизнинг Новосибирск шаҳридаги Бош консулхонасига қуйидаги телефон рақамлари орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтади: +7-383-246-04-85, +7-383-246-04-84, +7-383-246-04-63, +7-383-246-04-64.