Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бу йил Самарқанд давлат чет тиллар институтига 1030 нафар абитуриент талабаликка қабул қилинади

Айни пайтда барча олий таълим муассасалари, Давлат хизматлари марказлари ва Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали абитуриентларни рўйхатдан ўтказиш қизғин паллада. Бу жараён Самарқанд давлат чет тиллар институтида ҳам давом этмоқда.

– Ўтган ўқув йилида бакалаврлар тайёрлаш бўйича 12 та йўналиш учун абитуриентлардан ҳужжат қабул қилган бўлсак, 2019-2020 ўқув йилига 14 йўналишда абитуриентлар рўйхатдан ўтказилмоқда, – дейди институт қабул комиссияси масъул котиби А.Яхшиев. – Яъни, иккита – гид ҳамроҳлиги ва таржимонлик фаолияти (инглиз тили), филология ва тилларни ўқитиш: рус тили йўналиши қўшилди. Шунингдек, янги ўқув йилидан бошлаб магистрлар тайёрлаш учун учта мутахассислик бўйича ўн тўртта йўналишга қабул бўлади. Магистрлар тайёрлаш учун синхрон таржима (инглиз тили) йўналиши ҳам қўшилди. Магистрлар тайёрлаш бўйича қабул жорий йилнинг 1 июлидан бошланади.

Институтга 2019-2020 ўқув йилида бакалаврлар тайёрлаш бўйича грант асосида 165 нафар ҳамда тўлов-контракт асосида 865 нафар абитуриент талабаликка қабул қилинади. Шунингдек, магистрлар тайёрлаш бўйича 22 нафар киши грант ва 87 нафар хоҳловчи тўлов-контракт асосида таҳсил олади.

– Бу йил тўртинчи бор олийгоҳга кириш учун ҳужжат топширдим, – дейди мазкур институтнинг филология ва тилларни ўқитиш: немис тили йўналиши учун рўйхатдан ўтган тойлоқлик Ўлмас Норпўлатов. – Ҳужжат топшириш жараёни бирор марта бугунгидай осон бўлмаганди. Қабул комиссияси берган йўлланма асосида банкка бориб 101 минг 365 сўм тўлов қилиб келдим ва паспорт ҳамда ўрта таълимни битирганлик бўйича дипломим орқали рўйхатдан ўтдим. Энди паспорт серия ва рақами орқали “Шахсий кабинет”имга кириб, тест синовларида иштирок этишга рухсат берувчи ДТМ электрон варақасини чиқариб оламан ва шу орқали имтиҳонда қатнашаман.  

Абдужаббор ПЎЛАТОВ.