Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд давлат университетида 17 та янги йўналиш очилди, энди 2980 нафар талаба қабул қилинади

Самарқанд давлат университетига абитуриентларни рўйхатдан ўтказиш  қизғин давом этмоқда.

– Янги ўқув йили учун абитуриентлар бакалаврлар тайёрлаш бўйича 50 та йўналиш учун рўйхатдан ўтмоқда, – дейди университет қабул комиссияси масъул котиби Р.Мирзаев. – Ўтган йили абитуриентлар ўз хоҳишига кўра мавжуд 34 та йўналишдан бирига ҳужжат топширган эди. Яъни, битта йўналиш камайди ва 17 та янги йўналиш тури қўшилди. Магистрлар тайёрлаш учун ҳам жорий йилдан бошлаб 50 та йўналиш ташкил этилди. Шунга кўра, университетга 2019-2020 ўқув йилида бакалаврлар тайёрлаш учун 2980 нафар абитуриент талабаликка тавсия этилади. Магистрлар тайёрлаш бўйича эса 322 нафар киши қабул қилинади.

Тест синовларидан муваффақиятли ўтиб, 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб мазкур олийгоҳда ўқишни бошлайдиган йигит-қизларнинг 645 нафари грант ҳамда 2335 нафари тўлов-контракт асосида бакалаврлар тайёрлаш йўналишида таҳсил олади. Ўқишни магистратурада давом эттирадиганларнинг 197 нафари грант, 125 нафари эса тўлов-контракт асосида ўқийди.

– Филология факультетининг ўзбек тили йўналишида ўқиш учун рўйхатдан ўтдим, – дейди ургутлик Ж.Фатуллаев. – Ўтган йили ҳам коллежни тугатиб, шу йўналишга ҳужжат топширгандим, аммо омадим келмаганди. Бироқ бу йил катта умид билан ҳаракат қиляпман. Бу йил ҳужжатбозликнинг камайгани жуда қулайлик туғдирди. Қолаверса, бир нечта жойда абитуриентларни рўйхатдан ўтказиш амалга оширилаётгани боис ҳамманинг ҳужжати осонгина расмийлаштириляпти.

Университетда сиртқи таълим шаклининг 14 та йўналиш (олдинги йили 11 та эди)га абитуриентларни қабул қилишга тайёргарлик ишлари давом этмоқда. Мазкур таълим шаклида янги ўқув йили учун 900 нафар талабани қабул қилиш режалаштирилган бўлиб, абитуриентлардан ҳужжат қабул қилиш жорий йилнинг 1 июлидан 30 июлига қадар давом этади. Шунингдек, кечки таълим шаклига ҳам 260 та ўрин бўлиб, абитуриентлар 5 та йўналишдан бирига ҳужжат топшириши мумкин. Ўтган ўқув йилида мазкур таълим шаклига 200 нафар абитуриент 4 та йўналиш бўйича қабул қилинган эди.

P/S: Самарқанд давлат университетида очилган 17 та янги йўналиш бўйича батафсил хабар берамиз. Сайтимизни кузатиб боринг. 

Абдужаббор Пўлатов.