Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд шаҳрида “Ёш сайловчи-2019” ёшлар форуми ўтказилди

Жорий йилнинг 28 ноябрь куни Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида “Ёш сайловчи-2019” ёшлар форуми бўлиб ўтди.

Тадбирда Марказий сайлов комиссияси аъзолари, сиёсий партия раҳбарлари ҳамда ёшлар иштирок этди. Унда вилоят сайлов комиссияси раиси Салоҳиддин Нуриев сайлов қонунчилиги ва жорий йилги сайловларни ўтказиш борасида вилоятда амалга оширилаётган ишлар юзасидан ёшларга маълумот берди.

Иштирокчилар гуруҳларга бўлиниб, “Сайлов келажак” мавзусида мунозаралар ташкил этди ҳамда уларга сайлов ва сайлов жараёнлари тўғрисида тушунчалар берилди.

Форум савол-жавоб шаклида ўтказилди. Унда иштирок этган ёшлар масъулларга ўзларини қизиқтирган саволлари билан мурожаат этди.

Тадбир якунида туман ва шаҳардан келган ёшлар учун Самарқанд шаҳридаги тарихий обидаларга саёҳат ташкил этилди.

Форумда фаол иштирок этган ёшлар тақдирланди.

Сарвиноз ТУРСУНОВА,

Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиали матбуот хизмати ходими.