Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд ветеринария медицинаси институти Марказий Осиёда етакчи олий таълим муассасаси бўлмоқчи

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 8 майдаги қарорига кўра, Самарқанд қишлоқ хўжалик институти негизида Самарқанд ветеринария медицинаси институти ташкил этилди. Янги институтга Москва вилояти давлат университети химия-биология факультети декани вазифасида ишлаб келаётган Юнусов Худойназар Бекназарович тайинланди.

Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида туғилиб ўсган Худойназар Юнусов олий таълимни Россияда олиб, ўша ерда меҳнат фаолиятини бошлаган. 1985 йилда Москва вилояти давлат университетини биология ва кимё фанлари ўқитувчиси мутахассислиги бўйича, 1991 йилда K.Сиалковский номидаги Москва авиация технологиялари институтини композит материаллар бўйича муҳандис-технолог мутахассислиги бўйича битирган.

Москва политехники институти, Москва вилояти давлат университети ва бошқа муассасаларда илмий-педагогик фаолият олиб борган. Биология фанлари доктори, профессор. Россия табиий фанлар академияси академиги.

Худойназар Юнусов билан янги институтдаги янги вазифаси, ўтган бир йил давомидаги фаолияти, дастлабки хулоса ва режалари ҳақида суҳбатлашдик.

– Президент Шавкат Мирзиёев хорижий мамлакатлардаги ватандошларимизни юртимизга келиб ишлашга даъват этганда менинг ҳам кўнглимда шундай истак пайдо бўлган эди, лекин энди нима ҳам қила олишим мумкин, деган хаёлга боргандим, – деб гап бошлади Самарқанд ветеринария медицинаси институти ректори Х.Юнусов. – 2017 йил кузида эса Президентимиз вакиллари мени Ўзбекистонга ишга таклиф этишди. Бу таклифни ўйлаб юрганимда 2018 йил бошида ветеринария давлат қўмитаси раиси ва бошқа масъуллар билан Москвада кўришдик. Улар таклиф жиддий эканлиги, Ўзбекистонда ветеринария медицинаси бўйича институт ташкил этилаётгани ҳақида айтишди. Шундан сўнг, май ойида Ўзбекистонга қайтиб келдим ва янги институт раҳбари сифати иш бошладим.

Аввало, юртимизда ветеринария медицинаси бўйича алоҳида олий ўқув юрти ташкил этилишининг ўзи катта гап. Чунки, айни пайтда соҳада малакали мутахассисларга эҳтиёж жуда юқори. Қолаверса, бугун дунё миқёсида ветеринарияда шунчалик катта ўзгариш ва янгиликлар, ҳатто муаммолар пайдо бўлаяптики уларни пухта ўрганмай, таҳлил этмай туриб тизимда ривожланишга эришиш қийин. Шу жиҳатдан мазкур институт фаолиятининг йўлга қўйилиши давр тақозоси, дейиш мумкин.

Янги институтнинг Самарқанд қишлоқ хўжалик институти негизида ташкил этилиши эса бу ерда мавжуд бой илмий салоҳиятдан фойдаланиб, унинг тезда оёққа туриб олишига хизмат қилиши шубҳасиз. Ўз вақтида бу институт собиқ иттифоқдаги қишлоқ хўжалиги соҳаси бўйича кадрлар тайёрлайдиган бешта нуфузли олий ўқув юртидан бири бўлган. Бу ерга халқаро миқёсда тан олинган академия ва университетлардан профессор-ўқитувчилар келиб дарс берган, уларнинг айримлари институтда фаолиятини давом эттирган. Бугун ўша ўқув ва илмий даргоҳлар билан алоқаларни тиклаш ва мустаҳкамлашга эътибор қаратяпмиз.

– Худойназар Бекназарович, Президент қарори ва бошқа ҳужжатларда янги институтни ташкил этишдан кўзланган мақсад ва унинг олдига қўйилган вазифалар аниқ белгилаб берилган. Бу албатта, бирламчи вазифалар. Сиз ўзингиз, раҳбар сифатида ишни нимадан бошладингиз, олдингизга қандай мақсадлар қўйгансиз?

– Тўғри таъкидладингиз, давлатимиз раҳбари қарори асосида ўзимизнинг яқин ва узоқ муддатга мўлжалланган дастурларимизни ишлаб чиққанмиз, уларни амалга оширишнинг йўл хариталари тузилган.

Шахсан ўзим раҳбар сифатида, аввало, институтда ўқитувчилар ва талабалар ўртасидаги кўринмас деворни олиб ташлаш, эркин, яқин муносабатни йўлга қўйишга эътибор қаратдим. Профессор-ўқитувчилар талабаларга яқинлашиши ва ўз навбатида талабалар устозларига фикрини эркин баён эта олиши, уларга кўнглини очиши лозим. Агар икки томон ўртасида бундай муносабат қарор топмаса, мақсадга эришиш қийин. Илм ўрганиш, танланган мутахассисликни пухта эгаллашдан талаба ҳам, ўқитувчи ҳам манфаатдор бўлиши керак.

– Бир йил ичида бу борада ўзгариш сезяпсизми? Ўқитувчилар ва талабаларнинг бунга муносабати қандай?

– Одамлар кўникиб қолган, ўрганган қарашларни ўзгартириш осон эмас, лекин натижа бор. Муҳими, бундай муносабатга хайрироҳлар кўп. Айниқса, талабалар орасида. Ўзим ҳам, ҳозирча дарсим кам бўлгани учун, машғулотлардан ташқари вақтларда талабалар билан очиқ мулоқот қилиб, уларнинг фикрлари билан қизиқаман. Нимадан рози, қайси жиҳатлар маъқул келмаётганини сўрайман. Улар билан ректор сифатида эмас, яқин дўст, устоз сифатида суҳбатлашишга интиламан. Табиийки, бундай муносабат ёшларга маъқул бўлгани туфайли кўнгилларида борини айтишади. Дастлабки вақтларда шундай учрашувларда талабалар ўқитувчилар ўз фани бўйича қандай саволларга жавоб топишимиз кераклиги ҳақида курс аввалида бизга айтишсин, олдимизга вазифа қўйишсин, деб таклиф киритди. Ҳозирда ҳар бир фан бўйича машғулотлар бошланишидан олдин барча мавзулар, қайси масалаларга ечим топиш зарурлиги талабаларга маълум қилинади, бу ҳақдаги маълумот ва саволлар институт сайтида жойлаштирилади. Талабалар дарслар билан бирга мустақил ўқиб-ўрганиб, мавзуни ўзлаштириб боряпти.

Дарвоқе, бу йил биринчи семестр якунлангач, фанлардан сабоқ берган профессор-ўқитувчиларнинг ҳам билимларини синаб кўрдик. Бу айрим ўқитувчиларга ёқмади, албатта. Лекин ёшларга билим бераётган устозлар ҳам ўз устида ишлаши, фанига оид янгилик ва ўзгаришлардан хабардор бўлиб бориши, муҳими, замон талаблари даражасида ишлашга ўрганиши керак. Синовлар натижалари бўйича ўқитувчиларга ҳам зарур тавсиялар берилди.

Худойназар Бекназарович, узоқ йиллар Россиядаги олий ўқув юртларида фаолият кўрсатган педагог сифатида юртимиз талабалари билан рус ёки бошқа Европа давлатлари ёшлари ўртасида илм ўрганишдаги фарқ ёки яқинликни нималарда кўрасиз?

– Асосий фарқ илм эгаллашга қизиқишда. Айни пайтда Европа мамлакатлари ёшларида ўқишга интилиш бироз сусайган. Бизда эса йигит-қизларимизнинг илм ўрганишга қизиқиши кучли. Агар уларни тўғри йўналтира олсак, талабларига яраша билим берсак, юқори интеллектуал салоҳиятли мутахассисларимиз, илмли ёшлар кўпаяди. Бу фақатгина менинг фикрим эмас, мутахассислар, халқаро экспертларнинг ҳам хулосалари шундай.

Яна бир жиҳат, бугунги кунда Россия ёки бошқа Европа давлатлари ёшлари замонавий ахборот технологияларини пухта ўрганишга интилмоқда. Биз ҳам бу масалаларга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Шунингдек, ёшларни бир нечта хорижий тилларни ўрганишга даъват этишимиз, бунга таълимнинг барча бўғинида имконият яратишимиз керак.

Ушбу йўналишда Самарқанд ветеринария медицинаси институтида амалий ишларни ҳам бошлагандирсиз...

– Албатта, хориж тажрибасини ўрганган ҳолда бу борада дастлабки ҳаракатларни бошладик. Институтимиздаги ҳар бир факультетда биттадан гуруҳда дарслар рус ва инглиз тилларида ўқитилмоқда. Талабалар бошида бироз қийналди, аммо ҳозир ҳаммаси изга тушяпти.

Бир йил ичида дунёнинг йигирмадан ортиқ давлатидаги 40 га яқин нуфузли олий ўқув ютлари ва илмий муассасалар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйдик. Улар билан профессор-ўқитувчилар ва талабаларни ҳамкорликда ўқитиш, малакасини ошириш бўйича келишувларга эришдик. Мисол учун, Кореянинг Кангвон миллий университети ҳар йили беш нафар талабамизни ўз ҳисобидан ўқитиб бермоқчи. Белорусь республикасидаги Витибск ветеринария медицинаси давлат академияси ҳам талабаларимизнинг ушбу даргоҳда ўқиши учун шароит яратиб беришга тайёр эканлигини билдирди. Бундан ташқари, Москва вилояти давлат университети, АҚШдаги Мичиган университети, Португалиядаги Порту университети, К.Тимирзаев номидаги Москва давлат қишлоқ хўжалик академияси билан ҳам шундай келишувларимиз бор. Ҳозирда ушбу олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари институтимиз ўқитувчилари ва талабалари учун онлайн вебинарлар ўтказмоқда. Россиядан юқори малакали профессорлар келиб, талабаларга дарс ўтяпти.

Яқинда Европа давлатларига сафарим чоғида Европа ветеринария университетлари ассоциациясига аъзо бўлиш бўйича таклиф бердик. Айни пайтда ассоциация бу таклифни ўрганиб чиқмоқда ва улар жорий йилда институтимизга келиб, фаолиятимиз билан танишади. Агар ушбу ассоциацияга аъзо бўлсак, талабаларимиз ўқишни Европа давлатларидаги олий ўқув юртларида давом эттириш ва якунлаш имкониятига эга бўлади. Бу бизнинг институт дипломи ўша давлатларда ҳам амал қилади, дегани.

Албатта, бу имкониятлардан фойдаланиш учун талабаларимиз аввало, хорижий тилларни яхши билиши, танлаган йўналиши бўйича билимларини янада мустаҳкамлаши зарур.

Биз ўз олдимизга ветеринария медицинаси бўйича Марказий Осиёда етакчи ўқув даргоҳи бўлишни, соҳа учун халқаро талабларга жавоб берадиган мутахассис-кадрлар тайёрлашни мақсад қилиб қўйганмиз. Бошлаган ва келгусида амалга оширмоқчи бўлган ишларимиз ана шу мақсадга қаратилган.

– Бу мақсадга эришиш йўлида Сизга ва институт жамоасига муваффақият тилаймиз!

Ғолиб ҲАСАНОВ суҳбатлашди.