Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов «Динамо» жамоаси билан учрашди

Кеча, 12 сентябрь куни “Динамо” футбол клуби қароргоҳида Самарқанд вилояти ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси президенти Эркинжон Турдимов клуб ҳомийлари, раҳбарияти ва “Динамо” жамоаси билан йиғилиш ўтказди.

Хабарингиз бор, мавсумнинг дастлабки қисмини яхши ўтказган “Динамо” жамоаси иккинчи даврани муваффақиятсиз бошлади. Кетма-кет мағлубиятлар нафақат мухлисларни, балки клуб раҳбариятини ҳам ранжитди.

- “Динамо” жамоасининг Суперлига иккинчи даврасида қайд этаётган натижаси ва бугунги вазиятини яхши деб бўлмайди. Буни мен каби сиз футболчилар ва мураббийлар ҳам яхши тушуниб турибсиз. Бугун сиз билан учрашувдан мақсад кимнидир хафа қилиш ёки айбдорга чиқариш эмас, сўнгги мағлубиятларни таҳлил қилиш, очиқ суҳбат шаклида гаплашиб олиб, вазиятни ўнглаш учун муаммоларни тинглаш, қўлдан келганча ёрдам бериш, сизларни қўллаб-қувватлашдир, – деди ҳоким. - Ҳеч кимга сир эмас, аксарият шаҳар ва вилоят клубларида бор бўлган йирик ҳомий ташкилоти бизда йўқ. Аммо Самарқандда футболнинг фидойи жонкуярлари бор. Шу боис “Динамо”ни халқ жамоаси, дейиш мумкин. Сўнгги мағлубиятлар туфайли ҳомийларнинг кўнгли бироз совугандир. Лекин ҳозир шундай муҳим паллаки, жамоадаги вазиятни яхшилашимиз шарт. Тез кунларда “Динамо” клуби олдидаги молиявий ҳолатни бартараф этамиз ва бу борада ҳеч қандай муаммо бўлмайди.

Кетма-кет муваффақиятсизликлардан кейин жамоа бош мураббийи Даврон Файзиев кечирилмас мағлубиятлар бўлганлигини айтиб, истеъфога чиқишга рухсат сўради. Аммо биз буни рад этдик, мураббийларга, футболчиларга ишонч билдиришда давом этишимизни билдирдик. Ҳеч ким билан хайрлашмоқчи эмасмиз. Сабаби, мавсум бошидаги қийин паллада айнан Даврон Файзиев қўл остидаги сиз, футболчилар билан биринчи даврани муваффақиятли ўтказгандик.

Мухлисларнинг фикридан ҳам хабарим бор. Футболда омадсизликлар туфайли мағлубиятли давр ҳам бўлади, тушунамиз. Барчаси ўз қўлимизда, ортга йўл йўқ. Энди сўнгги ўйинлардаги омадсизликларни буткул унутиб, яхши ва ишчан кайфиятда тайёргарлик кўришимиз, минглаб мухлисларни хурсанд этиш учун бор куч ва имкониятни сарфлашимиз керак. Ишонаманки, жамоа чемпионатдаги ҳозирги қийин вазиятдан чиқади.

Йиғилишда вилоят ҳокими “Динамо” бош мураббийи Даврон Файзиев, клуб бош менежери Илҳом Шарипов ҳамда футболчиларнинг фикри билан ҳам қизиқди. Учрашув якунида жамоани руҳан қўллаб-қувватлаб, кейинги ўйинларда омад тилади.

“Динамо” клуби матбуот хизмати.