Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Самарқандда 2020 йили бюджет маблағларини талон-торож қилиш билан боғлиқ 54 та жиноят иши қўзғатилган” сарлавҳали мақола юзасидан “Мaroqand obod” давлат унитар корхонаси муносабати

Франция Тараққиёт агентлиги иштирокида “Самарқанд шаҳрида қаттиқ маиший чиқиндилар бошқарувини модернизация қилиш” лойиҳаси мақсадларидан бири Самарқанд шаҳрида маиший чиқинди йиғиш инфратузилмасини янгилаш ҳисобланиб, 2019 йилда лойиҳа доирасида 80 дона маиший чиқинди йиғиш машиналари хариди амалга оширилган.

Тендер савдоси ва харид жараёни, лойиҳа молиялаштирувчиси Франция Тараққиёт агентлиги тартиб-тамойили асосида халқаро тендер ташкил этиш йўли орқали амалга оширилган. Мазкур тендер жараёнлари 2018 йил 2 ноябрда бошланиб, 2019 йил 13 апрелда ниҳоясига етган. Тендерда қатнашган иштирокчилар томонидан Ўзбекистон, Хитой ва Жанубий Кореяда ишлаб чиқарилган чиқинди йиғиш машиналари бўйича 6 та таклиф келиб тушиб, энг қиммат таклиф 6 миллион 170 минг евро ва энг арзон таклиф 3 миллион 158 минг еврони ташкил этган. Самарқанд вилояти тармоқ харид комиссияси ва Франция Тараққиёт агентлиги тендер ҳужжатларини келишиш, келиб тушган тендер таклифларини ўрганиш ва баҳолаш натижаларини текшириш ва тасдиқлаш каби муҳим вазифаларни бажарган.

Франция Тараққиёт агентлигининг тартиб-тамойилига кўра, тендер қатнашчилари тендер хужжатларида эълон қилинган маъмурий талаблар, техник шартлар ва молиявий таклифлари асосида баҳоланиши белгиланган. Маъмурий талаблардан бири, тендер қатнашчисининг чиқинди йиғиш машиналари етказиб бериш бўйича етарли тажрибага эга эканлигини кўрсатувчи ҳужжатларни тақдим этиши бўлиб, “Cranes and Special Trucks” ушбу талабни қондира олмаган. Франция Тараққиёт агентлигининг халқаро тендер харидлари қоидаларига кўра ушбу қатнашчи тендердан четлатилган. Бундан ташқари, тендер жараёнида Жанубий Корея ва хитойлик қатнашчилар томонидан “Cranes and Special Trucks” ва бошқа ўзбекистонлик тендер қатнашчиси ўртасида (бир хил шасси ва кабина ишлатилиши сабабли) ўзаро манфаатлар тўқнашуви борлигини кўрсатувчи хатлар ҳам келиб тушган.

Юқоридага ҳолатларни ўрганган ҳолда ва Франция Тараққиёт агентлиги розилик хати билан Самарқанд вилояти тармоқ харид комиссияси тендер натижаларини тасдиқлаган. Халқаро тендер натижасига кўра, Хитойнинг энг нуфузли ишлаб чиқарувчилари, “Dongfeng” ва “Howo” томонидан ишлаб чиқарилган 4 миллион 188 минг евро қийматидаги 80 та чиқинди йиғиш машиналари хариди амалга оширилган.

 “Cranes and Special Trucks” корхонаси тендер савдоларидан асоссиз равишда чиқарилганлиги ва 1 миллион 30 минг евро (бу шунчаки таклифлар орасидаги тафовут) миқдоридаги ФТА кредит маблағи талон-торож этилганлиги ҳақидаги айбловлар ҳали ўз исботини топмаган.

Корхона директори                Ш.Насимов.