Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда энг совуқ январь ойи қачон бўлган?

Ўтаётган ҳафтада мамлакатимизда ҳаво ҳароратини Сибирь ҳудудлари устида жойлашган совуқ антициклон периферияси белгилади. Ҳафта давомида ҳаво ҳарорати ўртача йиллик қийматлардан 8-10 даражага паст бўлди.

Самарқанд шаҳрида -6-7 даражагача, Қўшработ туманида -10 даражагача совуқ  кузатилмоқда. Кечаси совуқ 7-10 даражагача, шимолда ва чўл ҳудудларида 12-17 даражагача меъёрдан пасайди.

Вилоятимизда январь ойида бундай совуқ ҳарорат 1927 йилда -17 даража, 1949 йилда – 21 даража ва 1988 йилда – 20 даражагача етган.

9-10 январдан бошлаб ҳарорат кечаси +1. +2 даража, кундузи +10... +12 даражага кўтарилади. Бу ҳам январь ойи учун белгиланган меъёрдан юқори ҳарорат ҳисобланади.

Президентимиз раислигида 2020 йил 3 ноябрь куни мамлакатимизда гидрометеорология хизмати фаолиятини такомиллаштириш бўйича устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказилди. 2020 йил 17 ноябрда эса давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси гидрометеорология хизмати фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унда гидрометеорология хизматини ривожлантириш, соҳани етук кадрлар ва замонавий технологиялар билан таъминлаш долзарб масалалардан эканлиги билдирилди.

 Соҳани ривожлантириш режасига асосан вилоятимиздаги метеорологик кузатув станцияларини автоматик бошқарув тизимига ўтказиш белгиланди. Ҳозиргача Самарқанд ва Нуробод туманларидаги автоматик метеорологик станциялардан ҳар 3 соатда кунига саккиз маротаба маълумот олинмоқда. Қарор талабидан келиб чиқиб, Каттақўрғон ва Пайариқ туманларида 2 та автоматик метеорологик станцияси ўрнатилди. Бу станциялар инсон омилисиз ҳар дақиқада онлайн режимда маълумот узатади.

Вагиф МИРЗАЕВ,

Самарқанд вилоят гидрометеорология бошқармаси бошлиғи.