Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда фарзандининг таъминоти учун 23,5 миллион сўмдан зиёд қарз бўлган ота оталик ҳуқуқидан маҳрум қилинди

Оилавий қадриятларни ҳамма нарсадан устун қўйган, фарзанд деганда жонини беришга тайёр халқимиз орасида, афсуски, суд орқали ота ёки оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш билан боғлиқ низолар ҳамон учраб турибди.

Мисол учун, яқинда Лола (исмлар шартли) исмли аёлнинг собиқ турмуш ўртоғи Равшанга нисбатан оталик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳақидаги даъво аризаси кўриб чиқилди. Мурожаатда қайд этилишича, улар 2009 йилда қонуний никоҳдан ўтиб, оила қурган ва турмушларидан бир нафар фарзанд туғилган. Аммо икки ўтадаги келишмовчиликлар сабабли суднинг ҳал қилув қарори билан ажрашишган.

Суд буйруғида Равшандан алимент ундириш белгиланган. Бироқ у алимент пулларини тўламасдан, яъни оталик бурчларини бажармасдан келаётганлиги, унинг бугунги кундаги алиментдан бўлган қарздорлиги 23 миллион 576 минг 69 сўмни ташкил қилишини инобатга олиб, Равшанни Анора исмли фарзандига нисбатан оталик ҳуқуқидан маҳрум қилиш сўралган.

Маҳалла фуқаролар йиғини Равшан 2010 йилда хорижий давлатга кетганлиги, қаерда яшаши номаълумлиги ҳақида маълумот берган.

Суд Оила кодексининг 79-моддасига асосан Равшанга вояга етмаган фарзандига ғамхўрлик қилмасдан, унинг аҳволидан хабар олмаганлиги, унга моддий ёрдам бермай келаётганлиги ва унинг тарбияси билан шуғулланмаётганлигини эътиборга олиб даъвони қаноатлантирган.

Статистик маълумотларга кўра, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш билан боғлиқ низолар вилоятдаги судлар иш юритувига 2018 йилнинг 1-чорагида давомида 45 та келиб тушган. 2019 йилнинг 1-чорагида эса бундай низолар 33 тани ташкил этади.

Таҳлиллар аксарият ҳолатларда ота ёки она қонуний мажбуриятларини бажармаганлигини кўрсатмоқда. Негаки, ҳар икки даводан биттаси қаноатлантирилмоқда. Хусусан, 2018 йилда 24 та ҳолат бўйича, 2019 йилда эса 19 та даъво аризалари қаноатлантирилган.

Ф.ЖАББОРОВА,

фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди судьяси катта ёрдамчиси.