Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда миллион сўмликдан зиёд пиротехника воситалари аниқланди

Барчамиз орзиқиб кутган янги йил байрами ҳам яқинлашиб келмоқда. Афсуски, барчамизга завқу-шавқ улашадиган ушбу байрам баҳона ноқонуний йўллар билан мўмай даромад қилишни мақсад қилган уддабуронлар учрамоқда. Аммо уларнинг “ният”ларини божхоначилар пучга чиқаришаётир.

Пиротехника воситаларини кўча-кўйда пуллаш билан боғлиқ ноқонуний ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида вилоят божхона бошқармаси ходимлари Самарқанд шаҳридаги Гагарин кўчасида тезкор тадбир ўтказди.

Тадбир давомида фуқаро С.П.нинг қўлидаги целлофан пакет холислар иштирокида кўздан кечирилганида қиймати 1,250 минг сўмлик, жами 3000 дона Қирғизистон Республикасида ишлаб чиқарилган “Британик” ёзувли пиротехника воситалари борлиги аниқланди ҳамда далилий ашё сифатида олинди.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан дастлабки божхона текширувлари олиб борилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, мамлакатимизга олиб кириш, ташиш, сақлаш ва сотиш тақиқланган. Бундай ҳаракатлар учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 185(1)-моддаси ҳамда Жиноят кодексининг 250(1)-моддасида тегишли жавобгарлик ва жазо чоралари белгиланган.

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати.