Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда сирена ўрнатган 549 та автомашина аниқланган

Буни билмайдиган одам йўқ ҳисоби - транспорт воситаларига уни ишлаб чиқарган корхона назарда тутмаган товуш чиқарувчи ва ёритувчи қурилмаларни ўрнатиш таъқиқланган. Бироқ шундай бўлсада, автомашинасига турли товуш чиқарувчи қурилмалар – «сирена», «мигалка» ўрнатганларни ҳам кўрганмиз. Улар буни имкон қадар «ГАИ»ларга сездирмасликка ҳаракат қилишади. Бироқ кўза кунда эмас, кунида синади…

Вилоят ИИБ ЙҲХБдан олинган маълумотларга кўра, жорий йилнинг олти ойи давомида 549 та автомобилга назарда тутилмаган товуш чиқарувчи қурилма ўрнатилганлиги аниқланган. Тузилган баённомаларда қайд этилишича, 196 та ҳолатда ташкилотлар транспорт воситалари ва 353 ҳолатда шахсий автомобилларга сирена ўрнатилган. Бундан ташқари, транспорт воситасига «мигалка» ўрнатиш билан боғлиқ 4 та ҳолат қайд қилинган.

Эслатиб ўтамиз, бундай ҳуқуқбузарлик Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 127-моддасида белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади. Яъни, транспорт воситаларига уни ишлаб чиқарган корхона назарда тутмаган товуш чиқарувчи ва ёритувчи қурилмаларни ўрнатиш, худди шунингдек уларни ўзгартириб ўрнатиш - энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида жарима солинади.

Ушбу модданинг иккинчи қисмига кўра, тегишли рухсат олмай туриб транспорт воситаларига товуш чиқарувчи ва ёритувчи махсус қурилмаларни ўрнатиш, худди шунингдек давлат рақам белгиларини кўриш имкониятини чеклайдиган, уларни англашга тўсқинлик қиладиган турли ашёлар ўрнатиш ва қоплама суртиш - ана шу қурилмаларни мусодара қилиб, фуқароларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса - уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.