Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанддаги Касб-ҳунарга ўқитиш марказининг 295 нафар битирувчиларига диплом топширилди

Марказ Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Жанубий Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) ҳамкорлигида “Ўзбекистонда касб таълими имкониятларини ривожлантириш” лойиҳаси доирасида 2016 йилда ташкил этилган. Муассасада шу пайтгача 1600 нафардан ортиқ ёшлар ахборот технологиялари, автомобилларни таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш, электроника ва асбобсозлик, пайвандлаш ва чилангарлик ишлари, компьютер графикаси ва мультимедиа тизимлари йўналишлари бўйича касб-ҳунар ўрганди. Улар айни пайтда хорижда ва юртимизнинг турли ҳудудларидаги корхона ва ташкилотларда меҳнат қилмоқда. Эндиликда уларнинг қаторига яна 295 нафар ёшлар қўшилди.

– Олти касб бўйича билим ва кўникмага эга бўлган йигит-қизларнинг 26 нафари хотин-қизлар, 3 нафари ногиронлиги бўлган шахслар, 39 нафари кам таъминланган оилалар фарзандларидир, – дейди марказ директори И.Эргашев. – Уларга пандемия шароити бўлишига қарамасдан, белгиланган дастурлар асосида онлайн машғулотлар ўтилди. Амалий машғулотлар эса марказимизнинг ҳамкор ташкилотларида амалга оширилди. Ҳар бир дарс жараёни, тингловчиларнинг назарий ва амалий машғулотлардаги иштироки доимий эътиборимизда бўлди. Натижада битирувчиларнинг 7 нафари тадбиркорлик фаолиятини бошлади, 2 нафари марказдаги Стартап-инкубатор марказига резидент сифатида қабул қилинди. Бошқа йигит-қизларимиз ҳам эгаллаган мутахассислиги бўйича иш ўрнини топди.

Битирув маросимида Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги КОICАнинг Ўзбекистондаги офиси директори Пак Сунжин хоним, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бошқарма бошлиғи Ф.Мамарасулов, Кореянинг Keimyung College Universitety профессорлари, ҳамкор корхона ва ташкилотлар вакиллари онлайн ва бевосита иштирок этиб, битирувчиларни табриклади.

Марказ бугунги кунда Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (КОICА), Кореянинг Keimyung College Universitety билан 1,1 миллион АҚШ доллари миқдоридаги давлат-хусусий шериклиги лойиҳасини амалга оширмоқда.  Ушбу лойиҳа доирасида COVID-19 га қарши курашиш, яъни ҳимоя воситалари сотиб олиш ва дизенфекция мақсадлари учун 2,5 минг,  Keimyung College Universitety томонидан Самарқанд шаҳар “Саховат ва кўмак” жамғармасига 2 минг АҚШ доллари, Самарқанд шаҳридаги 54-умумий ўрта таълим мактабига 4 миллион корейс вони миқдорида ёрдам кўрсатилди.  

Бундан ташқари, КОICА томонидан марказга “Онлайн ўқитиш платформасини ишлаб чиқиш” учун 50 минг АҚШ доллари миқдорида грант маблағлари ажратилди. Ҳозирда платформа устида ишлар якунига етмоқда. Мазкур грант доирасида Самарқанд ва Шаҳрисабз Касб-ҳунарга ўқитиш маркази марказлари ўқувчилари ўртасида “Зеҳн билан COVID-19 ни енгамиз” мавзусида видеоролик ва постерлар мусобақаси ташкил этилган эди. Маросимда ушбу мусобақа ғолиблари ҳам 1 миллион сўмдан 2 миллион сўмгача бўлган пул мукофотлари билан тақдирланди.