Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандга коронавируснинг янги штамми кириб келмайдими?

Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Суҳроб Зайниев аҳолига мурожаат билан чиқди.

"Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг интернетдаги саҳифаларида баён этилишича, бугун дунёнинг кўплаб мамлакатларида, айниқса, Европа минтақасида коронавируснинг мутацияга учраган янги штамми аниқланиб, ушбу хасталикка чалинганлар сони ортиб бормоқда.

Шу боис, мамлакатимизда мазкур вируснинг тарқалишини олдини олиш учун янги чора-тадбирлар кўрилмоқда. Жумладан, коронавируснинг мутацияга учраган янги штамми мамлакатимиз ҳудудига кириб келишини олдини олиш мақсадида вирус кенг тарқалаётган қатор давлатлар билан авиақатновлар тўхтатилди.

Бу борада вилоятимизда ҳам керакли барча шароитлар яратилмоқда.

Хусусан, вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан пандемия даврида керакли дори-дармонлар захираси яратилди. Шунингдек, вируснинг мутацияга учраган янги штаммига қарши курашиш мақсадида Самарқанд давлат тиббиёт институти ҳамкорлигида институтнинг профессор ўқитувчилари ҳамда вилоятимизда фаолият юритаётган малакали шифокорлардан иборат ишчи гуруҳ ташкил этилди.

Ҳозирги вақтда мазкур ишчи гуруҳ томонидан коронавируснинг янги штамми кенг тарқалаётган давлатларда вируснинг юқиши ва касаллик кечиши хусусиятлари ўрганилмоқда. Бундан ташқари, Самарқанд давлат тиббиёт институти ҳамкорлигида кадрлар таъминоти ва уларнинг малакасини ошириш мақсадида врач ва ҳамшираларни қайта тайёрлов курслари ташкил этилиб, вилоят тиббиёт муассасаларида фаолият юритаётган ходимлар ўқитилмоқда.

Бироқ, дунёда ҳам, юртимизда ҳам коронавирус инфекцияси тўлиқ бартараф этилгани йўқ. Эътиборлиси, Европа минтақасида вируснинг мутацияга учрашига одамлар ўртасидаги контактлар узилмай қолгани ва кўпчилик карантин қоидаларига риоя қилмай қўйгани сабаб бўлиши мумкин.

Шу боис, вилоятимиз фуқароларидан кўча ва жамоат жойларида тиббий ниқобсиз юрмасликни, имкон қадар ижтимоий масофа сақлаш ва шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя этишларини, шунингдек, қўлларни тез-тез совунлаб ювиш ёки антисептиклар билан зарарсизлантириш ва энг асосийси, агар зарурат бўлмаса чет мамлакатларга чиқиш ҳамда турли йиғинларни ташкил этиш ва уларда иштирок этишдан сақланишни сўраб қоламиз", деб мурожаат қилди С.Зайниев.