Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандлик банкирлар ўртасида спорт мусобақаларига старт берилди

Аввал хабар қилганимиздек, Марказий банкнинг Самарқанд вилоят бош бошқармаси ташаббуси билан “Эзгу фикр, эзгу сўз, эзгу амал” тамойили асосида вилоят банк тизими ходимлари ўртасида китобхонлик ва спорт-соғломлаштиришни кенг оммалаштириш мақсадида “Олий тафаккурда сарҳад йўқ” шиори остидаги интеллектуал ва спорт мусобақаларига старт берилди.

Бугун – 9 июль куни ушбу мусобақалар доирасида Самарқанд шаҳридаги ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактабида “Марказий банк кубоги-2019” мусобақасининг стол тенниси бўйича баҳслар бўлиб ўтди.

Унда Марказий банк Самарқанд вилоят бош бошқармаси, инкассация бошқармаси ҳамда вилоятдаги 18 та тижорат банкларида фаолият юритаётган 40 нафар ходим ўзаро беллашди.

Баҳслар жуда шиддатли ва муросасиз тарзда кечди. Якунда Марказий банк вилоят бош бошқармаси, «Ориент финансбанк», Ипак йўли банкининг «Умар» минтақавий филиали, «Ипотекабанк», «Агробанк», «Азия альянс банк» ходимлари самарқандлик банкчилар орасида стол теннисида тенгсиз эканликларини кўрсатишди.

Айни пайтда Марказий банк вилоят бош бошқармаси катта залида 100 нафардан зиёд банкчилар ўртасида шахмат ва шашка бўйича 64 та катакчалар устида қизғин “юриш”лар бўлиб ўтмоқда.