Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

СамИСИ Жомбойнинг “яшил” ҳудудга ўтишига кўмаклашиш бўйича 70 миллион сўмлик шартнома имзолади

2020 йил 3 декабрь куни “Илм-фан ва инновацияни ривожлантириш борасида олийгоҳ, илмий ташкилотлар, тармоқ ва ҳудудлар олдидаги устувор вазифалар” мавзусида мамлакатимиз раҳбари томонидан ўтказилган селектор йиғилишида ҳудудлар томонидан илм-фан ва инновацияларга талабни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтида ҳам бу борада бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, институт профессор-ўқитувчилари томонидан “Самарқанд вилояти Жомбой туманини 2020-2022 йилларда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш Дастурини шакллантириш бўйича консалтинг хизмати” мавзусида илмий лойиҳа бажарилмоқда. Жомбой тумани ҳокимияти билан ушбу илмий-тадқиқотларни олиб бориш бўйича 70 миллион сўмлик шартнома тузилган.

Лойиҳанинг асосий мақсади - Жомбой туманининг ижтимоий-иқтисодий соҳаларидаги ҳолатини таҳлил қилиш асосида, уларни ривожлантириш учун “ўсиш” нуқталарини (драйверларини) белгилашдан иборат. Институтнинг 15 нафар профессор-ўқитувчиларидан иборат бўлган ишчи гуруҳ икки ой давомида Жомбой туманининг барча ижтимоий-иқтисодий соҳалари – саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш, таълим, соғлиқни сақлаш тизимини чуқур ўрганди. Уларни ривожлантириш бўйича илмий асосланган тавсиялар ишлаб чиқилди.

Ҳозирги кунда туманларнинг рейтинги бўйича республикада Жомбой тумани “сариқ” зонада турибди. Институт ишлаб чиқилган илмий тавсияларни амалиётга жорий қилиш асосида туман рейтингини “яшил” ҳудудга ўтказишни мақсад қилган. Лойиҳа натижасида “Жомбой туманини 2020-2022 йилларда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш Дастури” ишлаб чиқилмоқда.

Дилбар АСЛАНОВА,

Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти илмий ишлар бўйича проректори.