Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Шифокорга зўравонлик қилганлар 5 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси кўмагида “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бу ҳақда вазирликнинг жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълум қилди.

Сўнгги пайтларда тиббиёт ходимларига ғайриқонуний равишда беморлар ва уларнинг яқин қариндошлари томонидан тажовуз қилиниши ҳолатлари тез-тез учрамоқда. Вазирлик берган маълумотларга кўра, 2018 йил ва 2019 йилнинг ўтган даври давомида 400 дан ортиқ ҳолатларда шифокорларга нисбатан зўравонлик қилиниб, тан жароҳатлари етказилган.

“Вазият шу даражага бориб етдики, тиббиёт муассасаларида, айниқса, шошилинч ва тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизимида бу каби ҳолатлар кунда-кунора учраб турмоқда. Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши билан бундай тажовузларни содир этган шахсларга нисбатан 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилади. Бундай жазо чоралари ҳозирда қарийб ҳар куни содир бўладиган ҳодисага айланиб улгурган тажовузларнинг олдини олишда катта профилактик таъсир кучга эга бўлади.

Зеро, шифокор ҳеч қачон беморга нисбатан ёмонликни истаб ҳаракат қилмайди. У ҳамиша инсонга яхшилик қилишга интилади. Кўмакка муҳтож беморга шифо бахш этиш, фавқулодда ҳолатларда инсон ҳаёти ва саломатлигини асраш учун бор куч-салоҳиятини ишга солади.

Шу боис бундай фидойи касб соҳибларига, уларнинг ҳалол меҳнатига нисбатан адолатсизлик ва ноҳақликларнинг олдини олиш, уларнинг самарали фаолият юритиши учун зарур шароит яратиш давлат ва жамият зиммасидаги муҳим вазифадир”, дея таъкидланади вазирлик берган маълумотда.