Сўлимда одамлар уйни иситиш учун оёқ кийимларини ёқмоқда

Бу кўча Сўлим шаҳарчасидаги Чил­қудуқ маҳалласида жойлашган бўлиб, 241 хонадон мавжуд. Бир неча йилдан бери табиий газ йўқ. Маиший газ баллони гоҳ бир ой, гоҳида икки ойда бир келади. Кўмир ҳам берилмаган. Аксига олиб, ҳудуддаги трансформатор таъмирланавериб, бир аҳволга келган. Хўш, айтинг-чи, шундай бўлгач, аҳоли уйни нима билан иситиши керак?

Фуқаролардан бири Зокир Қурбонов шу саволимизни эшитгач, уйига таклиф қилди: "Келинг, кўрасиз". Бордик, уйни печкада ёқилган резина ҳиди тутиб кетган, захирада эса оёқ кийимлар!

Яна бир фуқаро Хосият Эсанова узоқ йилдан бери ёлғиз ўзи ногирон фарзандини парваришлайди. Моддий аҳволи оғир. Фарзандини, чақалоқларни совуқдан асраш учун яшаб турган уйини бир чеккадан бузиб, ёғочларни ёқа бошлаган.

– Газ йўқ, светга ишонч йўқ, истаган вақтда ўчиши мумкин, кўмир фақат оғизда. Ногирон фарзандимдан таш­қари яна бир ўғлим ва унинг оиласи, чақалоқлари билан ҳаммамиз бир уйда яшаймиз. Аммо шуни иситиш ҳам муаммо. Уйда фақат мен ишлайман, фаррош бўлиб. Ўтин нархини эса биласиз…

Дарвоқе, ўтган ойда ўзимиз ҳам таҳририят орқали 1 декабргача аҳолига кўмир етказилади, деб хабар бергандик. Чунки вилоят ҳокимининг жорий йил 15 октябрдаги фармойишида вилоят "Темирйўлёнилғитаъмин" бирлашган ёнилғи омбор хўжалигига бу ҳақда аниқ топшириқ берилганди. Ўз навбатида, биз билан суҳбатда мазкур хўжалик омбор масъул ходими бу борада муаммо бўлмаслигини таъкидлаган эди. Аммо ҳақиқий ҳолат шуки, биргина Шодиобод кўчасидаги 241 та хонадондан бирортаси шу вақтгача кўмир олган эмас. Аҳоли билан суҳбатлашганимизда станцияларга бир-икки марта бориб кўргани, аммо кўмир бўлмагани учун айримлар сотувчилардан 800 сўмдан сотиб олганини маълум қилди.

– Маҳалланинг қолган ҳудудларига табиий газ етиб боради, – дейди Чил­қудуқ маҳалласи раиси Убайдулла Элбоев. – Бу кўчада ҳам бир неча йил олдин табиий газ бор эди. Аммо таъмирлаш учун қувурлар узилди-ю, шу билан қолиб кетди. Маҳалла табиий газ етказиб берилган ҳудуд сифатида қайд этилган. Шу сабабдан кўмир олганимиз йўқ.

Тўғри, аҳолига бир ой, икки ой деганда маиший газ баллонларда суюлтирилган газ етиб келади. Аммо суюлтирилган газ овқат пишириш учун   берилади.

– Табиий газ таъминотидаги узилишлар бўйича биз, маҳалла фаоллари "Ўзтрансгаз" акциядорлик жамиятининг вилоят, шаҳар ҳамда туман бўлимларига мурожаат қилганмиз, – дейди шу кўчада истиқомат қилувчи меҳнат фахрийси Абдуғаффор Латипов. – Жамиятнинг вилоят филиали бош муҳандиси ваъда берди, Самарқанд туман бўлимига кўчамизни табиий газга улаш бўйича топшириқ ҳам берди. Аммо туман газ идораси мутасаддилари Шодиобод шаҳарга қарашли, газни ҳам ўша ердан олсин, деб туриб олишди. Кўчамиздаги ўзимиз таъмирлаган газ қувурлари шундоққина Самарқанд туманидан келган катта газ қувури олдида. Аммо уланишга рухсат йўқ. Самарқанд шаҳридан уланиш учун эса анча масофага ўз ҳисобимиздан қувур тортишимиз керак. Хуллас, бу кўчада "Ўзинг учун ўл етим!"

Шундай қилиб, Шодиобод кўчасидаги аҳоли қишдан эсон-омон чиқиш учун нима топса, шуни ёқаяпти. Афсуски, Сўлимнинг муаммолари шу билан тугаб қолмайди. Самарқанднинг энг хароб йўллари ҳам, авария ҳолатидаги эски кўприк ҳам, назоратсиз санғиб юрган дайди итлар ҳам айнан шу ерда. Бу ҳолат умид қиламизки, шаҳар ҳокимлиги мутасаддиларининг қизиқишига сабаб бўла олади.

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ,

«Зарафшон» мухбири.