Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Депутат сўровига Озодбек Назарбеков жавоб берди

Булунғур туманидаги марказий маданият уйи­нинг 1936 йилда қурилган биноси бугун фойдаланишга яроқсиз аҳволга келиб қолган. Вазирлар Маҳкамасининг 2013 ва 2016 йиллардаги қарорларида белгиланган дастур асосида туман маданият уйи ҳамда 1500 ўринли амфитеатр қурилиши керак эди. Аммо шу пайтгача қарор ижроси таъминланмай келмоқда.

Ушбу масалага ойдинлик киритишини сўраб Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирига депутат сўрови юборгандик. Яқинда Маданият вазирининг биринчи ўринбосари О.Назарбековдан қуйидаги мазмунда жавоб хати олинди:

"Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 30 майдаги "Самарқанд вилоятининг Булунғур туманини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорининг 5-иловасида 1-сон маданият марказини маҳаллий бюджет ва ҳомийлик маблағлари ҳисобидан 1 миллиард 200 миллион сўмга реконструкция қилиш ва жиҳозлаш белгиланган бўлиб, маблағ молиялаштирилмаганлиги сабабли қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилмаган.

Бундай салбий ҳолатлар республикамизнинг бош­қа вилоятларида ҳам мавжуд бўлганлиги боис Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 6 июндаги 469-ф-сон фармойиши қабул қилинган. Мазкур фармойиш ижросини таъминлаш мақсадида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида жойлашган маданият марказлари тўлиқ хатловдан ўтказилди.

Хатлов натижалари асосида 2018 йил 28 ноябрда Президентимизнинг "Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарори қабул қилинди. Қарорнинг 4-иловаси билан тасдиқланган "2019-2022 йилларда янги қуриладиган, реконструкция қилинадиган, капитал таъмирланадиган ва жиҳозланадиган маданият марказларининг манзилли рўйхати"га кўра, Булунғур тумани 1-сон маданият марказини 2019 йилда 4 миллиард 500 миллион сўм маблағ ҳисобига реконструкция қилиш ва жиҳозлаш белгиланган.

2019 йилнинг январь-февраль ойларида ушбу маданият марказининг қурилиш ва таъмирлаш ишлари бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилиши режалаштирилган.

Депутат сўровингизда қайд этилган 1500 ўринли амфитеатр биносининг қурилиши Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25 июндаги ҳамда 2016 йил 30 майдаги қарорларида кўрсатилмаган.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда "Булун­ғур" маданият ва истироҳат боғи ҳудудидан давлат ва хусусий шериклик асосида 1500 ўринли амфитеатр мажмуасининг қурилиши режасини Маданият вазирлигининг келгуси йиллар учун тасдиқланадиган истиқболли режасига киритилишини маълум қиламиз".

А.АЗИМОВ,

халқ депутатлари

Булунғур туман кенгаши депутати.