Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Тадбиркорлик субъектлари учун янги имкониятлар эшиги очилди

Бугун мамлакатимизда қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, рақобатбардош ва сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқариш кўламини янада кенгайтириш, тенг рақобат муҳитини таъминлаш борасида изчил ислоҳотлар ҳаётга татбиқ қилинмоқда. Айни жараёнда солиқ юкини камайтириш ва тадбиркорлик субъектларини солиққа тортишдаги номутаносибликларни қисқартиришга алоҳида эътибор берилаётганини таъкидлаш жоиз. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 26 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим ҳужжат бўлди.

Фармон билан жорий этилаётган ўзгариш ва янгиликлар истеъмол бозорининг барқарорлигини таъминлаш, ишлаб чиқарувчиларимизнинг рақобатбардошлигини ошириш борасида зарур шар-шароитлар яратиш, қўшилган қиймат солиғининг узлуксиз “занжирини” шакллантиришга хизмат қилишини алоҳида қайд этиш керак.

Жумладан, жорий йилнинг 1 октябридан бошлаб қўшилган қиймат солиғининг ставкаси 20 фоиздан 15 фоизгача пасайтирилди. Буни барча бирдек хурсандчилик билан қабул қилгани эътиборга молик. Мазкур ўзгариш тадбиркорлик субъектлари учун қулай шароит ва имкониятлар беради. Чунончи, қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) ставкасининг пасайтирилиши сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, кўрсатилаётган хизматлар кўламини кенгайтириш, рентабелликни ошириш, хуфиёна иқтисодиёт натижасидаги йўқотишларни қисқартириш, қўшимча иш ўринларини яратишга хизмат қилади. Асосийси, бу аҳолининг ижтимоий-иқтисодий фаровонлигини юксалтиришда, хуфиёна иқтисодиётнинг олдини олишда муҳим ўрин тутади. Бундан ташқари, солиқ тўловчилар учун тенг шароитлар яратилади ва ҚҚС “занжири”нинг узлуксизлиги таъминланади.

Ушбу фармонни тадбиркорларнинг узоқ кутган орзу-истаклари рўёби, десак муболаға бўлмайди. Жумладан, энди солиқ тўловчилар солиқдан қочиш, асл ҳолатни яширишни ўйламайди. Солиқларни ўз вақтида тўлаб, фаолиятини янги босқичга кўтариш, қўшимча иш ўринларини яратиш, рақобатда илғор бўлиш чораларини кўзлаб иш тутади. Натижада истеъмол бозорида рақобатбардош маҳсулотлар кўпаяди, кўрсатилаётган хизматлар сифати ошади, ҚҚС тўловчилар сафи янада кенгаяди, истиқболли лойиҳаларнинг амалиётга татбиқ этилиши жадаллашади.

Мухтасар айтганда, фармон тадбиркорлик субъектлари учун янги имкониятлар эшигини очмоқда. Бу эса пировардида мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳиятини янада юксалтириш, барқарор тараққиёт суръатларига эришиш, халқимиз турмуш фаровонлигини оширишга мустаҳкам замин бўлади.

Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси матбуот хизмати.