Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Талабалар учун шарт-шароитларни янада яхшилаш чоралари кўрилмоқда

Жорий йилнинг 23 ноябрь куни “Talaba.uz” телеграм саҳифасида исми-шарифи кўрсатилмаган талаба Самарқанд давлат университетининг психология ва ижтимоий фанлар факультети янги бинога кўчганлиги ва бу ерда таҳсил соатлари фаоллар залида ўтаётганлигидан нолиб ёзган.

Ҳақиқатдан бир ярим ҳафта аввал мазкур факультетни талабалар сонининг ошганлиги сабабли янги бинога кўчирилган эди. Бу ҳақда факультет декани Раҳматилла Мирзаев қуйидагича изоҳ берди:

“2019-2020 ўқув йилида СамДУ психология ва ижтимоий фанлар факультетида талабалар сони кескин кўпайган. Шу муносабат билан ушбу факультетни Самарқанд давлат университети тасарруфига ўтказилган Самарқанд 1-педагогика коллежи биносига кўчиришга қарор қилинган. Мазкур бино касб-ҳунар таълими тизимига мўлжалланганлиги сабабли ва юзага келган ҳолатдан чиқиш мақсадида бинодаги мавжуд фаоллар зали “Маърузалар хонаси”га мослаштирилиб фойдаланилмоқда...”.

Мослаштирилган ушбу бинода олиб борилаётган дарс машғулотлари билан танишганимизда, бу ерда 1070 нафар талаба таҳсил олаётгани ва 23 та аудатория улар ихтиёрига топширилганига гувоҳ бўлдик. 2 та аудатория 40 нафардан, 6 та ўқув хонаси 18 нафардан, қолганлари 30 нафар талабага мўлжалланган. Хоналар ўртача меъёрда иситилмоқда. “Фаоллар зали”да ҳам ёруғлик ва иссиқлик таъминоти мўътадил ҳолатда.

Мавжуд шарт-шароитларни янада яхшилаш чоралари кўрилмоқда. Янги бино қурилишини 2020 йилги Инвестиция дастурига киритиш юзасидан тегишли идораларга таклифлар киритилган.

СамДУ ахборот хизмати.