Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Таътилда видеодарслар орқали ўқувчиларнинг билим олиши таъминланади

Ўқувчилар таътил пайтида билим олишлари учун Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси таркибидаги телеканаллар билан бирга ўқув дастурларида режалаштирилган дарс машғулотларини телевизион эфирга узатиш учун видеодарслар тасвирга олинади ҳамда эфир вақтлари ажратилиши режалаштирилган.

Мазкур видеодарс машғулотларини тайёрлаш ва уни тасвирга олиш бўйича соҳа ходимларидан иборат ташкилий-ижодий гуруҳ тузиш ишлари олиб борилмоқда.

Видеодарслар тайёр бўлганидан кейин телевидение ва Халқ таълими вазирлигининг ижтимоий тармоқларидаги саҳифалари (@uzedu) ва расмий веб-сайтларида (www.uzedu.uz), электрон ахборот порталлари (online maktab) орқали ҳам намойиш этиб борилади.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим маркази томонидан таътилни мазмунли ўтказиш бўйича қуйидагилар тавсия қилинади.

Ҳар бир синфда ўтиладиган фанлар бўйича ўқитувчилар ўзларининг  тақвим мавзу режаларини кўриб чиқади ва таътилга қадар ўтилиши керак бўлган янги мавзулар қолган бўлса, уларни ўқувчилар уйларида дарсликлардан мустақил равишда ўрганиб олишлари бўйича тушунтириш берилади.

Ўқувчиларга таътил вақтида:

математика, физика, кимё каби асосий фанлардан мустақил равишда мисол ва масалалар ечиш;

ўқиш, одобнома, адабиёт ва тарих фанларидан мавзуларни мустақил равишда ва ота-оналари билан биргаликда ўқиш, мавзулар ҳақида оилада ўзаро суҳбатлашиш ва фикр алмашиш;

хорижий тиллардан мустақил равишда луғатлар ёдлаш;

қўшимча равишда бадиий китоблар ўқиш;

10-11-синф ўқувчиларига келгусида кирмоқчи бўлган олий ўқув юртининг йўналишига қараб тегишли фанлардан қўшимча тайёрланиш, айниқса, барча ОТМларга киришда мажбурий бўлган Ўзбекистон тарихи, математика ва она тили фанларини такрорлаш;

таълимий электрон ресурслардан (Khan Academy, Edu Market каби ресурслар) кўпроқ ўрганиш тавсия этилади.

Ўқувчилар қўшимча таътилга чиққан муддатларда мактаб педагогика жамоаси ўз фаолиятини давом эттиради.

Синф раҳбарлари ва фан ўқитувчиларига қўшимча таътил вақтида ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари билан телефон орқали ёки мессенжерлар ёрдамида боғланиш, уларга қўшимча тавсиялар бериб туриш вазифаси юклатилади.