Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Товламачига эмас, тестга ишонинг

Яқинда зиёли танишим келиб, ўғлининг олий ўқув юртига кириши ташвиши билан юрганини гапириб қолди.

- Уч қизимни бир амаллаб институтга жойлагандим. Биттаси бу йил битирди, диплом олди, иш тополмасдан ўз идорамга «отдел кадр» қилиб олдим.

- Ўқиган касби бўйича ишласа бўлмасмиди?

- Тўғриси, қишлоқда рус тили муаллими йўқ эди. Институтга кириш бали кам бўлади, деб рус гуруҳига киритишганди. Қийналиб яхши ўқий олмади. Ҳарқалай дипломи бор-ку. Кенжамнинг ташвиши оғирроқ, уни «юрфак»ка қўймоқчиман.

- Қўяман деганингиз нимаси, билими бўлса тест топшириб кираверади-ку...

- Билими-ку бор, катта пул тўлаб репетиторга бергандим. Лекин одамлар таниш-билиш бўлмаса, ҳалиям билимли бола ўтолмайди, дейишяпти. Бир амаллаб тестга кириб чиқадиганлардан таниш топишим керакда...

Тўғриси, кўринишидан дуппа-дуруст зиёли кўринган танишимнинг жамиятдаги ўзгаришларга бефарқлиги, миясида қотиб қолган ақидасидан юрагим оғриди. Унга бирор нарсани тушунтириш қийин экани яна бир азоб. Тағин ўғлини ҳам эргаштириб олган.

Иккинчи воқеа аёл танишим билан бўлди. Унинг ихчамгина дўкончаси бор. Ўғли иқтисодиёт факультетини битиряпти. Ички ишлар сафидан ҳайдалган эри ҳеч қаерда ишламайди, ҳозир бошқа аёл билан яшайди. Дарвоқе, бу танишим мактабни битирган қизига ночор оилалар қизлари учун кириш имтиҳонида бериладиган имтиёзга даъвогарлик қилмоқда. Ўзингиз айтинг, ҳали олий маълумот олмаган ўғли ва қизига аллақачон Самарқанддан квартира олиб қўйган онанинг қизини шароити оғирлар ҳақига шерик қилишга интилиши инсофданми?

Кўчада гап кўп ва турли-туман, лекин ақлли ота-она агар фарзандига жонкуяр бўлса, ўғил-қизининг келажагини ўйласа, замон эврилишини англаши, ақл билан иш тутиши зарур. Имтиёзга интилиш боланинг илм олишга бўлган иштиёқини сўндиради. Мабодо, ўқишга киролмаса, абитуриент бунинг сабабини ўзининг билими пастлигидан эмас, ота-онасининг ҳаракат қилмаганидан кўради.

Энди келинг, ҳар бир фикри тиниқ инсон, таълим тизимида, хусусан олий таълим муассасасига киришда ёшларга кейинги 2-3 йил ичида яратилган имкониятларни бир эслаб ўтайлик.

Битта Самарқанднинг ўзида янгидан битта университет, тўртта ОТМ филиали очилди. Янги бўлим ва факультетлар, сиртқи, кечки таълим йўналишлари иш бошлади. Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистонда таҳсил олаётган талабаларнинг ўқиши ҳеч қандай синовларсиз ўзимиздаги олий таълим муассасаларига кўчирилди. Катта натижага эришган спортчи, санъаткор ёшлар институтга имтиҳонсиз қабул қилинди. Коллежда яхши ўқиганлар диплом олгач, таълимни ОТМда давом эттириши мумкин.

Тест синовлари соддалаштирилди. Энди йигит-қизлар 5 та ОТМ учун битта тест синови топширадилар. Квоталар ўртача жами 150 минг нафарга яқинлашиб қолди. Бу эса 2-3 йил олдингидан икки баравар кўп дегани.

Хўш, ҳурматли ота-оналар, энди адолат билан айтинг-чи, сизнинг фарзандингизга яна қанақа имтиёз керак? Шунча имтиёз билан ўқишга киролмайдиган ношуд болани етаклаб юришдан сизга нима наф? Сал олдинроқ таниш-билишчилик билан ўқишга кирган, бугун идораларда ишлаётган, лекин ношудлиги боис муаммоларимизга ечим топа олмаётган кадрлар тақдири сизга сабоқ бўлмаяптими?

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.