Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ургут туманида Камангарон ва Вағашти “Обод қишлоқ”қа қўшилди

Жорий йилда Ургут туманидаги Оқмачит, Тинчлик ва Сариқтепа аҳоли массивларида Самарқанд вилоятидаги 42 қишлоқ қаторида “Обод қишлоқ” дастури асосида қурилиш-ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Яқинда туманга Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси келиб, дастур ижроси бўйича амалга оширилаётган ишларни кўздан кечирди. Ургутнинг бошқа қишлоқларида ҳам бўлиб, аҳоли турмуш тарзи билан яқиндан танишди. Одамларни қийнаб келаётган муаммоларни эшитди.

Жумладан, Камангарон ва Вағашти қишлоқларида шу пайтгача мактабгача таълим муассасаси ташкил этилмагани, ўтган асрнинг 80-90 йилларида қурилган мактабларнинг ҳалигача таъмирланмагани, қишлоқ врачлик пунктларининг мослаштирилган биноларда фаолият кўрсатаётгани, йўл, ичимлик суви, электр энергияси таъминоти ва бошқа масалаларда кўплаб муаммо ва камчиликлар мавжудлиги қайд этилди.

Шу ернинг ўзида икки қишлоқ фаоллари, вилоят ва туман ҳокимликлари, бошқарма ва идоралар масъуллари иштирокида муаммолар муҳокама этилди. Камангарон ва Вағашти 2020 йилда “Обод қишлоқ” дастурига киритиладиган, лекин қурилиш-ободонлаштириш ишлари ҳозирданоқ бошланадиган бўлди.

Қисқа вақт ичида икки қишлоқ ҳам қурилиш майдонига айланди. Камангарондаги 1990 йилда қурилганидан буён таъмирланмаган, 784 ўринли 102-умумтаълим мактабини капитал реконструкция қилишга киришилди. 49-умумтаълим мактаби капитал таъмирланиб, 360 ўринли қўшимча бино қурилмоқда. Вағаштидаги 9-умумтаълим мактаби учун ҳам 420 ўринли қўшимча бино қурилиши бошланди. Ушбу мактабларда сунъий қопламали замонавий ўйингоҳлар ҳам ташкил этилади. Икки маҳаллада биттадан давлат-хусусий шерикчилик асосида, биттадан хусусий мактабгача таълим муассасаси қурилмоқда. Шунингдек, ҳаммом, қолипли нон пишириш цехи, бир қатор савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмулари учун жойлар белгиланди.

– Қишлоғимиз тумандаги аҳолиси энг кўп ҳудудлардан бири, – дейди Камангарон маҳалла фуқаролар йиғини раиси Болта Акрамов. – 1700 га яқин хонадонда 11 мингдан ортиқ аҳоли яшайди. Дастур бўйича ҳудудимиздаги 40 километр йўлга шағал ётқизиш, 7 километрни асфальт қилиш, 86 дона электр таянч устунлари ўрнатиш ва 2,5 километрлик электр кабели тортиш, мавжуд 14 та трансформаторни таъмирлаш  ва 1 та янги трансформатор ўрнатиш режалаштирилган. Қишлоғимиз хонадонларига асосан тоғдаги булоқлардан сув тармоғи тортилган. Бу ердаги иккита ҳовуз ҳам таъмирланади. Шу пайтгача қишлоғимида битта артезиан бор эди, энди яна битта қазиладиган бўлди. 1,6 километр узунликда ичимлик суви тармоғи тортилади. Қишлоқ врачлик пункти ва тез тиббий ёрдам шохобчасини ҳам реконструкция қилинади. Маҳалладошларимизни қувонтирган яна бир янгилик – қишлоғимизда, тоғ этагида 5 гектарлик майдонда истироҳат боғи ташкил этилиши бўлди. Бу ердан қишлоғимиз ёшлари, тадбиркорларга жой ажратиб беряпмиз, белгиланган лойиҳа бўйича кўнгилочар, дам олиш масканлари ташкил этишади, аттракционлар олиб келишади.

7100 нафардан ортиқ аҳоли яшайдиган Вағашти қишлоғида ҳам шу пайтгача мактабгача таълим муассаси йўқ экан. Қишлоқ врачлик пункти эса бир пайтлар маҳалла аҳли томонидан ҳашар йўли билан қурилган бинода фаолият кўрсатмоқда. Бу ерда ҳам ёзда чанг, қишда лой бўладиган тупроқ йўллар, атрофи ўралмаган ҳовлилар бор. Одамлар ичимлик сувидан қийналган.

– Қишлоғимизнинг “Обод қишлоқ” дастурига тушиши ва тезда қурилиш ишларининг бошлангани аҳолининг кайфиятини кўтариб юборди,– дейди Вағашти маҳалла фуқаролар йиғини раиси Илҳом Латипов. – Қишлоғимиз кўчалари, уйлар, мактаб, боғча, қишлоқ врачлик пункти ва бошқа объектларнинг лойиҳалари келиши билан одамлар ўз уйини обод қилишга киришиб кетди, 70 га яқин уй-жой таъмирланяпти. Эски ҚВП ёнида янгисининг пойдевори қўйилди. 28 километрлик тупроқ йўлларимизга шағал ётқизиладиган, 4 километрлик йўл эса асфальт қилинадиган бўлди. Электр энергияси ҳаво тармоқларида муаммоларимиз бор эди. Энди улар ҳам барҳам топади – дастур бўйича қишлоғимизга 126 дона электр таянч устунлари ўрнатиш, 3,7 километр электр кабели тортиш, 9 та трансформаторни реконструкция қилиш ва 1 та янги трансформатор қўйиш режалаштирилган. Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 1 та янги артезиан қудуғи ковланиб, 4,3 километр масофага сув тармоғи тортилади.

Дарвоқе, бир-бирига қўшни бу икки қишлоқда амалга оширилаётган қурилиш-ободонлаштириш ишлари доирасида Камангарон ва Вағашти маҳалла фуқаролар йиғинларини ўртасидаги Ургут сойида 27 метр узунликдаги “Дўстлик” кўпригини қуриш мўлжалланмоқда.