Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Вазирлик ва қуйи идоралар қарорларни ўзи қабул қилса, бюрократиядан холи бўлган либерал бошқарув тизими шаклланади

2020 йил 29 декабрь куни Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида олиб борилаётган ислоҳотлар халқимизнинг кундалик ҳаётида ўз ифодасини топиши, кутган натижаларга эришиш кўп жиҳатдан давлат бошқарувидаги самарадорликка бевосита боғлиқлигини алоҳида таъкидлади. Шунга кўра, жорий йилда давлат бошқаруви идоралари фаолиятини тубдан такомиллаштириш ишлари олиб борилади. Маъмурий ислоҳотларни амалга ошириш даврида давлат бошқаруви органлари институционал такомиллаштирилишини, келгусида улар томонидан қарорлар қабул қилиш механизмларини ҳам яратишни тақозо этади.

Мурожаатномада Президентимиз “қатор вазирлик ва идоралар фаолиятида қарор қабул қилиш ҳаддан ташқари марказлашган. Уларнинг вазифалари аниқ ва тўлиқ белгиланмагани сабабли фаолиятларида бир-бирини такрорлаш ҳолатлари мавжуд. Сабаби, вазир ўринбосарлари, ўрта бўғин раҳбарлари масалани ҳал қилиш, жавобгарликни ўзига олиш, ташаббус кўрсатишда етарли билим ва малакага эга эмас”, деб ўринли эътироз билдирди.

Бу идораларда ишлаб келаётган раҳбарлар масъулиятни ўз зиммасига олмаётгани, билимсизлиги, қатъиятсизлиги ёки коррупцияга берилгани кўрсатилиши мулоҳаза юритишга ундайди. “Афсуски, бундай раҳбарлар аҳоли кутаётган ҳаётий муаммоларни ҳал қилиш ўрнига, кераксиз қоғозбозлик ва натижасиз мажлислар ўтказиш билан овора бўлиб қолмоқда”, деб ўз фикрини очиқ-ойдин айтди давлат раҳбари.

Президентнинг давлат бошқаруви органлари, яъни вазирлик ва идоралар фаолиятида ҳанузгача қарор қабул қилиш “юқоридан пастга” принципи асосида давом этиб келаётгани, бу эса жойларда тўпланиб қолган ва ўз ечимини кутаётган тизимли муаммоларни ўрганмасдан, таҳлил қилмасдан қарорлар қабул қилиш амалиёти ҳанузгача давом этиб келаётганидан далолат беради.

Ҳақиқатан ҳам бугунги кунда ҳукумат қарор қабул қилгандан сўнг вазирлик ва идоралар юқори идора қарорига мослаб қарор қабул қилиши, ўзлари томонидан қабул қилинган қарорлар доираси чегараланиб қолаётганлигини кўрсатади. Ўз навбатида, ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш кўп жиҳатдан ўтган йиллар давомида шаклланган қонунчилик базасига, норма ижодкорлиги жараёни, яъни қарорлар қабул қилишнинг сифати ва ижроси бўйича мониторинг натижаларига бевосита боғлиқ.

Мамлакатимизда ислоҳотларнинг фаол амалга оширилиши муносабати билан қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг сони ва кўлами ошиб бормоқда. Лекин ўтказилган таҳлиллар қонун ҳужжатларини қўллаш самарадорлигини таҳлил қилиш ва баҳолаш фаолияти етарлича ташкил қилинмаганлиги, уларнинг натижадорлигини мониторинг қилишнинг таъсирчан ташкилий-ҳуқуқий механизми тўлиқ йўлга қўйилмаганлигини кўрсатмоқда.

Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари сифатида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнлари сифатини ошириш, шунингдек, уларнинг ижроси мониторингини йўлга қўйишдан иборат. Шунинг учун ҳам норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш, такомиллаштириш, ўзгартириш, бекор қилиш ва унга ҳуқуқий асосларни қабул қилиш билан боғлиқ муносабатлар Президент томонидан 2019 йилнинг 2 ноябрда қабул қилинган “Ҳуқуқий мониторингнинг замонавий механизмлари асосида қонун ҳужжатлари ижросининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда атрофлича белгилаб берилди.

Ислоҳотлар шиддат билан давом этаётган шароитда қабул қилинаётган ҳужжатлар сони ва кўлами ҳам анча кенгайди. Айрим ҳолларда у ёки бу қонун ҳужжати амалиётда унинг мақсадларига мувофиқ тарзда қўлланилмайди ёки лозим даражада бажарилмайди. Ачинарлиси, бу камчиликлар у ёки бу орган фаолиятини назорат қилувчи идоралар томонидан текширилган пайтдагина аниқланади. Албатта, текширишлар якунида камчиликлар бартараф қилиниб, ҳужжат ижросини тўғри йўлга қўйиш ҳақида зарурий кўрсатмалар берилади. Аммо бу орада энг қимматли нарсалар – вақт ҳамда одамларнинг ишончи йўқотилади.

Ҳар қандай давлат тарихида ислоҳотлар шиддатли равишда олиб борилган давр бўлган. Табиийки, ушбу жараёнда қабул қилинаётган ҳужжатлар самарадорлигини баҳолаш зарурияти ҳам юзага келган. Шундан келиб чиқиб, ҳар бир давлат бу жараённи тартибга солишга ҳаракат қилган. Бу борада хориж тажрибаси ўрганилганда, кўпгина мамлакатларда норма ижодкорлигининг сифати ва самарадорлигини таҳлил қилиш учун ҳуқуқий мониторинг асосий восита бўлиб қолмоқда. Мониторинг ҳуқуқий тартибга солишнинг тўлиқлигини, қабул қилинаётган ҳужжатлар ижросининг ягона амалиётини, ҳуқуқни қўллаш амалиётининг ҳужжатларни қабул қилиш мақсадларига мувофиқлигини таъминлайди.

Амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳуқуқий мониторингдан ўтказилгандан сўнг такомиллаштирилиши, янги нормалар қабул қилиниши, амалда таъсири паст бўлганлари ҳаракатдан тўхталиши ва шундан кейингина ҳар бир тармоқ, соҳа ёки ҳудудда қўлланилиши мумкин бўлган қарорлар қабул қилиш амалиёти йўлга қўйилиши талаб этилади. Бундан кейин мониторинг жараёнида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳуқуқни қўллаш амалиётига қанчалик мос экани ўрганилади, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда қўлланилган тушунча ва атамалар ягона кўриниш ва тизимга келтирилади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси самарадорлигини янада ошириш мақсадида Адлия вазирлиги давлат бошқарув органларининг ҳуқуқий мониторингни ўтказиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича махсус ваколатли орган этиб белгиланди. Бугунги кунда Адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий органлари томонидан ушбу вазифа белгиланган муддатлар ва тартибларда адо этиб келинмоқда.

Вазирлик ва идоралар томонидан қабул қилинадиган қарорлар аввало, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўргангандан сўнг қабул қилиниши мақсадга мувофиқ. Ҳар бир идоранинг ўзи томонидан қабул қилган қарори аввало, шу идоранинг Низом фаолияти ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган ваколатлари, функция ва мажбуриятлари доирасида қабул қилиниши, шу ҳужжатнинг келгусида унда белгилаб олинган муносабатларнинг тўлиқ ҳуқуқий тартибга солинишини таъминлайди.

Мустақил равишда ҳар бир идоранинг ўзида пухта ва сифатли қабул қилинган қарорлар, уларнинг маъноларини тўғри тушуниш, нормаларни қўллашда ягона талқинга асосланган амалиётнинг шаклланиши тадбиркорлар ва фуқароларнинг ўз ҳуқуқларини рўёбга чиқаришига ёрдам беради, сарсонгарчиликларининг олдини олиш имконини яратади.

Вазирлик ва идоралар ҳамда уларнинг тегишли ҳудудий ёки тармоқ бўлимлари томонидан қарорлар мустақил қабул қилинар экан, бу аввало, юқори турувчи органларнинг қуйи органлари ички ишларига асоссиз аралашувнинг олдини олади, бюрократиядан холи бўлган либерал бошқарувни йўлга қўяди. Асосийси, кераксиз ҳисоботлар талаб қилиш ва қўл остидаги шахсларга нисбатан турли жазо чораларини қўллашга чек қўяди.

Бобоқул ТОШЕВ,

Юристлар малакасини ошириш маркази кафедра мудири, юридик фанлар доктори.