Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Йўловчи аэропортда нега 8 соат қолиб кетди? Божхоначилар унинг қинғир режасини фош қилди

“Тошкент-АЭРО” ИБК Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари йирик миқдордаги қўл телефонларининг яширинча олиб кирилишини фош этишди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси хабар бермоқда.

Парвозини якунлаганига 8 соатдан ортиқ вақт ўтса-да, фуқаро Р.М.нинг аэропортдан чиқиб кетишга ҳаракат қилмаслиги божхона ходимларини шубҳалантиради.

Қолаверса, ушбу йўловчи ўзига тегишли 3 дона багажларнинг “Сеул-Тошкент” рейси бўйича келтирилганлигини тасдиқловчи ёрлиқларни олиб ташлаб, “Москва-Тошкент” рейсида келтирилган бошқа багажлардан олинган ёрлиқларни ёпиштиради.

Бу билан гўёки у Сеулдан эмас, бошқа шаҳардан келаётган йўловчидек таассурот қолдиришга уринади.

Божхонадан “қизил” йўлак орқали ўтар экан, ушбу юклар холислар иштирокида кўздан кечирилди. Натижада, қиймати 250 млн. сўмлик 244 дона уяли телефонлар ва 50 дона парфюмерия воситалари божхона назоратидан яширилгани фош бўлди.

Ушбу ҳолат юзасидан текширув олиб борилмоқда.