Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Элликка яқин ёш журналистларнинг мақолалари жамланган китоб нашрдан чиқди

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Саъдулла Ҳакимов ташаббуси билан  Тошкентдаги “Ta’lim media” нашриётида “Ёш юраклар садоси” китоби нашр этилди.

“... Эътироф этиш лозимки, ҳозирги вақтда мамлакатимиз медиа муҳитида эски тузум асоратлари ва қолипларидан ҳоли, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини, чет тилларни пухта эгаллаган журналистларнинг янги авлоди ўз ўрнини эгалламоқда.

  Ушбу китоб ҳам ана шу эзгу амалларнинг дебочасидир. Унда юртимизнинг элликка яқин ёш журналистининг мақолалари берилган бўлиб, уларда ёш қалам аҳлига хос ҳаётга тоза назар, одамларнинг дарду ташвишларига ҳамдард бўлиш, ўз ижодий услубини яратишга бўлган иштиёқ ва интилиши кўзга ташланади”, дея фикр билдиради китоб сўзбошисида ушбу лойиҳа раҳбари Саъдулла Ҳакимов.

   Китобда элликка яқин ёш журланист ва бўлғуси журналистларнинг мақолалари жамланган. Китобни варақлар экансиз уларда навқирон қалам аҳлига хос зукколик, одамларнинг дарду ташвишларига ҳамдардлик, жамиятда рўй бераётган муаммолар куюнчаклик билан баён этилганини кўрасиз.

  Тўпламдан Самарқанд журналистика мактаби вакиллари Ўктам Худойбердиев, Исомиддин Пўлатов, Олим Соннибоевнинг ҳам мақолалари ўрин олган.

О.НОДИРОВ.