2021 йилда Самарқандда қанча иш ўрни яратилади? Ёшлар учун-чи?

 

 

Самарқанд вилоят Матбуот уйида вилоят бандлик бош бошқармаси бошлиғи Исроил Жабборов иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида ана шу каби саволларга жавоб берилди. 

2020 йилда вилоят бўйича 24 минг 686 та янги иш ўринлари яратилди. Шундан 17 763 та иш ўринларига ёшлар жойлашди. Жумладан, тармоқ инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳисобига 5 та лойиҳада 238 та иш ўрни яратилиб, уларнинг 94 нафари ёш, ҳудудий инвестиция лойиҳалари бўйича эса 10 минг 354 та иш ўрнидан 4 минг 114 тасига уюшмаган ёшлар жалб этилди. Шунингдек, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ҳисобига 92 та лойиҳада янги ташкил этилган 850 та иш ўрнидан 334 тасига ёшлар қабул қилинди. Янги кичик корхона ва микрофирмалардаги 14 минг 764 та иш ўрнининг 5 минг 870 тасида ёшлар иш бошлади.

- 2021 йилда тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда 35 минг 878 та иш ўрни ташкил этишни режалаштирганмиз, - дейди И.Жабборов. - Шундан ёшлар учун 18 минг 804 та иш ўрни яратиш кўзда тутилган. Жумладан, биргина тармоқ инвестиция бўйича 5 та лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига 908 та иш ўрни яратилиб, уларнинг 50 фоизини эса ёшлар эгаллайди. 

Анжуманда янги иш ўринларини яратиш мақсадида давлат жамғармалари ва тижорат банклари томонидан 2021 йил давомида шаҳар ва туманларга ажратиладиган маблағлар тўғрисида ҳам маълумот бериб ўтилди. Жорий йилда шаҳар ва туманларга янги иш ўринларини яратиш мақсадида турли жамғармалар томонидан 38 миллиард 846 миллион сўм ажратилади. Жамоат ишлари жамғармасидан 20 миллиард сўм, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағларидан “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”га киритилган ишсиз фуқароларни шахсий томорқасида банд қилиш мақсадида иссиқхона қуриш, сув насоси, уруғлик ва кўчатлар харид қилишлари учун 4,3 миллиард сўм, ишсизларни қайта касб-ҳунарга ўқитиш учун эса 5,9 миллиард сўм, хотин-қизлар тадбиркорлиги йўналишида 1 миллиард сўм фоизсиз кредит маблағлари ажратиш кўзда тутилган.

2021 йилда вилоятдаги барча шаҳар ва туманларда биттадан, Каттақўрғон туманида 2 та “Ёшлар кичик саноат зонаси” ташкил этиш режалаштирилган.

Дилмурод Тўхтаев.