Кўрганларим, кузатганларим: Қулай, хавфсиз, тезкор ва замонавий транспорт тизимлари

Яқинда Хитойга сафар қилдик. Сафаримиз давомида жами 2 949 километр, жумладан Пекин шаҳридан Циндао шаҳригача 691 километр, Циндао шаҳридан Уси шаҳригача 639 километр, Шанхай шаҳридан Пекин шаҳригача 1318 километр йўлни тезюрар поездда, Уси шаҳридан Чансин шаҳригача 129 километр йўлни автобусда, Чансин шаҳридан Шанхай шаҳригача 172 километр йўлни минибусда босиб ўтдик.

Автовокзал, темир йўл вокзали, аэропортлардаги, автомагистраллардаги қулайлик, тозалик ва озодалик юқори даражада. Ҳаттоки, ҳожатхонадаги бўш хоналар ҳам электрон таблода акс этиб туради.

Эътиборимни тортган бир жиҳат, автовокзал, темирйўл вокзали, аэропортларда, шунингдек поездларда йўловчилар истеъмол учун махсус жўмраклар орқали текин совуқ ва қайноқ сув таъминоти мавжуд. Кутиш вақтларида ёки поездда кетиш чоғида қорни очиб қолса йўловчилар бемалол қайнаган сув билан ўзларининг тезпишар таомларини (биздаги “Роллтон” каби) тайёрлаб, истеъмол қилиб олишар экан. “Шарқ” ёки “Насаф” поездларимизда бир стакан қайноқ сув сўрасангиз 15 минг сўм эвазига “ҳозир-у нозир” қилишади (бу нархдан тушган ҳайратингизни нигоҳингизга қараб англаган хизматчилар вагон ижараси, қайноқ сув тайёрлаш учун сотиб олинган сув, уни сизга қуйиб берган бир марталик идиш ва ҳоказолар ҳақида сизга тушунтириб беришади).

Яна бир ўрнак олса бўладиган жиҳати шу бўлдики, поездларда сизга тижорий таклиф этиладиган чанқоқбосди ичимликлар ва енгил тамадди маҳсулотлари шаҳар дўконлари пештахталаридаги нархлар билан бир хил. Бизда эса поездлардаги нархлар 2-3 карра қиммат.    

“Шанхай-Пекин” тезюрар темир йўл линияси. Лойиҳа қиймати 34,7 миллиард долларни ташкил этган, узунлиги 1318 километр бўлган ушбу линия қурилиши 2008 йилда бошланиб, 2011 йилда фойдаланишга топширилган. Узунлиги бўйича “Пекин-Гуанчжоу” (2298 километр) ва “Шанхай-Вухан-Ченгду” (1814 километр) тезюрар темир йўл линияларидан кейин дунёда 3-ўринда туради. 

Тезюрар поезд линия масофасини 4 соат 18 дақиқа давомида босиб ўтади ҳамда ўз йўлида поезд 244 та кўприклар (шундан 164 километрлик “Даньян – Куньшань Гранд” кўприги дунёдаги энг узун, 114 километрлик Лангфан ва Тсинсян шаҳарлари ўртасидан ўтувчи “Тянцзин Гранд” кўприги дунёдаги иккинчи энг узун кўприк ҳисобланади) ҳамда умумий узунлиги 16,1 километр бўлган 22 та туннеллардан ўтади. Йўл 321 та сейсмик, 167 та шамол тезлиги ва 50 та ёмғир датчиклари томонидан назорат қилиб турилар экан.

Мазкур тезюрар темир йўл линияси орқали ҳар куни соат 07:00 дан соат 18:00 гача 90 дан ортиқ поездлар йўловчиларга хизмат кўрсатаркан. Лойиҳада кунига 220 минг йўловчини ташиш режалаштирилган бўлиб, линия ишга туширилгач дастлабки ойларда ўртача кунига 165 минг йўловчи ташилган бўлса, ҳар кунлик йўловчилар сони 2013 йилга келиб 230 минг, 2017 йилга келиб эса 500 минг нафардан ортган.

Қарангки, ушбу линия билан рақобатлашиш мақсадида авиакомпаниялар “Пекин-Шанхай” рейслари нархини 52 фоизга пасайтирган экан. Бундан ташқари, эски линия орқали юк ташиш ҳажми йилига 50 миллион тоннага ошиб кетган.

Шерзод Сувонқулов.