Android qurilmalar uchun Zarnews.uz mobil ilovasi. Yuklab olish x

Ўғирлик қилган 5 нафар аёлнинг иши судга оширилди

2019 йил 6 октябрь куни Наманган вилояти Чуст туманида яшовчи фуқаро 35 ёшли М.М.нинг уйига ўғри тушди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар бермоқда.

Жабрланувчи туман ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, шу куни тахминан соат 08:30 дан 17:00 гача вақт оралиғида номаълум шахслар унинг уйига эшик қулфини бузиш йўли билан ғайриқонуний равишда кириб, умумий баҳоси 6.800.000 сўм миқдоридаги тилла буюмларини ўғирлаб кетганлигини маълум қилади.

Мазкур ҳолат юзасидан Чуст тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Дастлабки тергов ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни Наманган шаҳрида яшовчи аёллар — 43 ёшли Х.Ю., 33 ёшли С.С., 29 ёшли Ф.К., 27 ёшли Г.У. ва 21 ёшли М.Ю.лар содир этганлиги аниқланиб, етказилган моддий зарар тергов жараёнида қопланган.

Фуқаролар Х.Ю. ва М.Ю.ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 2-қисми «в,г» бандлари (бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан жиноий тил бириктириб, уй-жойга ғайриқонуний равишда кириб содир этилган ўғирлик), Г.У., С.С. ва Ф.К.ларга нисбатан ЖКнинг 169-моддаси 3-қисми «а» банди (такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган ўғирлик) билан айблов эълон қилинган ва барчасига «муносиб хулқ атворда бўлиш тўғрисидаги тилхат» эҳтиёт чораси қўлланилган.

Ҳозирда жиноят иши айблов хулосаси билан суд муҳокамасига юборилган.