Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

4376 нафар ўқитувчи тоифасидан туширилди

Умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиларини қўллаб-қувватлаш, уларга имтиёзлар яратиб бериш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Албатта, бундан кўзланган мақсад ўқувчиларни билимли ва соғлом руҳда тарбиялашдир. Бугунги имконият ва талаблар ўқитувчиларнинг ҳам интилиш, изланиш ва тоифа олишга бўлган эҳтиёжини оширмоқда. Масалан, жорий йилда 6860 нафар ўқитувчи тоифа олиш истагини билдирди.

– Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 7 апрелдаги “Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва мактабдан ташқари давлат таълим муассасалари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низоми асосида, ўқитувчиларга тоифа берилмоқда, – дейди вилоят халқ таълими бошқармаси кадрлар бўлими инспектори Насиба Шарипова. – Янги ишга қабул қилинган ўқитувчига уч йилдан сўнг (шу муддатда малака ошириб келган бўлса) тоифа  олиш учун имконият берилади. Иккинчи тоифани олган педагог эса беш йилдан сўнг аттестацияда тўплаган фоизига қараб, кейинги тоифалар учун ҳаракат қилади. Ўқитувчилар дарс ўтиш маҳорати, меҳнат самарадорлиги ҳамда ўқув фани бўйича малака синовлари ва педагоглар билимини аниқлаш учун суҳбат каби тўртта мезон асосида баҳоланади. 

Аттестацияда олий тоифали ўқитувчи 75 фоиздан юқори кўрсаткичга эга бўлса, лавозими сақланиб қолади. Агар тўплаган фоизи паст бўлса, етакчи ўқитувчиликка туширилади. Биринчи тоифали ўқитувчи  синовларда 75 фоиз тўпласа, бош ўқитувчи лавозими берилади. 75 фоиздан 65 фоизгача тўплаганда унинг тоифаси сақланади ва ундан кам фоиз олса, катта ўқитувчи лавозимига туширилади.

Шунингдек, иккинчи тоифали ўқитувчи етакчи ўқитувчи лавозимини олиши учун 65 фоиздан юқори кўрсатгичка эга бўлиши лозим. Синовларда 65 фоиздан 60 фоизгача тўпласа, унинг тоифаси сақланади, аммо ундан кам фоиз олса, мутахассис лавозимига ўтади.  Дарҳақиқат, аттестацияда педагог 60 фоиздан 55 фоизгача олса, мутахассис лавозими сақланади. Ўқитувчи жами 55 фоиздан кам тўпласа, лавозимига мувофиқ эмас, деб топилади. Икки марта шундай кўрсаткич қайт этган педагог билан меҳнат шартномасини бекор қилиш мумкин бўлади.

2018 йилда ўтказилган аттестация натижаларига кўра, вилоятимиздаги  педагогларнинг 364  нафарига олий, 1286 нафарига биринчи ва 3603  нафарига иккинчи ҳамда 3030 нафарига мутахассис малака тоифалари берилди. Шунингдек, аттестацияда яхши кўрсаткич қайд этмаган 294 нафар олий, 1159 нафар биринчи, 2436 нафар иккинчи ва 487 нафар мутахассис малака тоифасига эга бўлган ўқитувчилар тоифасидан туширилди.

2019 йил март-июнь ойлари жами 6860 нафар ўқитувчи тоифа олиш ва сақлаб қолиш учун аттестациядан ўтказилади. Жумладан, 119 нафар ўқитувчи олий тоифасини сақлаб қолиш учун курашса, бош ўқитувчи лавозимига 360 нафар, биринчи малака тоифасига 2154 нафар ҳамда иккинчи малака тоифасига 4227 нафар ўқитувчи эга бўлиш учун ҳужжат топширди.