Президент таълим муассасалари баҳолаш тизими умумтаълим мактабларига жорий этиляпти

2023 йилда вилоят бўйича 68 та мактабда янги баҳолаш тизими жорий этилди. Эндиликда 5 баллик тизим ўрнига мезонга асосланган 100 баллик баҳолаш  тизими тажрибадан ўтаяпти. Ўқитувчи янги баҳолаш тизимида ўқувчининг дарсга қатнашиши, фаоллиги, уйга вазифани бажаришига қараб унга балл бериб боради. 

Вилоят Матбуот уйида вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан ўтказилган матбуот анжуманида бу ҳақда маълум қилинди.

- 2024 йилда вилоят бўйича қўшимча 100 та мактабда янги баҳолаш тизими жорий этилади, - деди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Фаррух Болтаев. – Шу пайтгача бундай баҳолаш тизими Президент таълим муассасаларида қўлланилаётган эди. Янги тартибга кўра, хорижий тажрибалар асосида ишлаб чиқарилган янги баҳолаш тизими мактабларда ҳам жорий этилади.

Шунингдек, матбуот анжуманида ўтган йилда мактабгача ва мактаб таълимида эришилган ютуқлар тилга олинди. Хусусан, мактабларнинг 416 та компьютер синфига 6656 дона компьютер олиб берилган бўлса, 129 та мактаб 135 дона электрон доска билан таъминланган. Бундан ташқари, 16 та умумий ўрта таълим мактабларида иккинчи хорижий тил ҳамда битта касбга ўргатиш жорий этилган. 56 619 нафар ўқитувчининг узлуксиз касбий малака ошириш платформаси орқали малакаси оширилган. Мактабгача таълим ташкилотининг 1080 нафар раҳбар ва ходимлари малака ошириш институтида ўқитилган. “Самарқанд тажрибаси” сифатида мобил методик гуруҳи ташкил қилиниб, 2766 нафар ўқитувчининг билим даражаси оширилган.

Бундан ташқари, тадбирда ўқитувчилар аттестацияси, маънавий ва маърифий ишлар, кейинги режалар ҳақида гапирилди. Соҳа мутасаддилари журналистларнинг саволларига жавоб берди.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.