Алифбога Ŋŋ ҳарфини қўшиш керак, Cc белгиси ҳам киритилса, маъқул бўлади

Баъзи юртдошларимиз 1993 йил “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги ва икки йилдан сўнг мазкур алифбони янада такомиллаштириш бўйича қабул қилинган қонунларни “пухта ўйланмаган”, деб баҳоламоқда. Бу фикр тўғри эмас. 1993 йил қабул қилинган “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги қонун ҳам, тасдиқланган алифбо ҳам пухта ўйлаб ишлаб чиқилганлигини ҳаётнинг ўзи исботлаб турибди. Буни кенг тушунтириб ўтиришга ҳожат йўқ.

Аммо ўттиз йилдан буён “Давлат тили ҳақида” ҳамда янги алифбони жорий этиш тўғрисидаги қонунларни амалга тўлиқ татбиқ эта олмаётганлигимизнинг асосий сабаби, янги алифбомизнинг номукаммаллигидан. Мазкур қонунлар ижросини тўлиқ таъминлаш учун, аввало, давлат тилини ўрганиш, ўргатиш, ўқитиш, ҳужжатларни том маънодаги саводхонлик билан юритиш учун мукаммал, ягона ўзбек алифбосини яратиш ва амалга жорий этиш лозим эди. Мамлакат доирасида ҳамма битта алифбода ва у асосида ишлаб чиқилган имло қоидаларига таяниб иш юритишга ўтиш керак эди. Бизда, аввал бошданоқ, янги алифбони ўрганиш ва амалга татбиқ этиш борасида қатъиятлилик талаб этилмагани сабабли янги алифбода савод чиқарган ёшлар бугунги кунда янги ўзбек алифбосида, кекса авлод вакиллари кирилл ёзуви асосидаги алифбода, ўрта авлод эса ҳар иккаласида иш олиб боряпти. Таассуфки, қарийб ўттиз йилдан бери алифбони жорий этиш бўйича қатъий бир қарорга келинмади.

Аслида амалга татбиқ этилаётган янги алифбо биз учун мутлақо янги бир алифбо эмас эди. Чунки бу алифбодан халқимиз 1929 йилдан 1940 йилнинг сентябрь ойигача, ўн йилдан ортиқ муддат фойдаланган. Ўша алифбонинг таркиби қуйидагича эди: Aa(о), Bb, Cс(че), Çç(дж), Dd, Ee(э), Әә(а), Ff, Gg, Ƣƣ(ғе), Hh, Ii, Jj(й), Kk, Ll, Mm, Nn, Ŋŋ(нг), Oo(ў), Pр, Qq, Rr, Ss, Şş(ш), Tt, Uu, Vv, Xx, Z z, Ƶ ƶ(ж).

Мазкур алифбода 30 та ҳарф бўлиб, уларнинг 6 таси унли: Aa(о), Ee(э), Әә(а), Ii(и), Oo(ў), Uu(у) ва қолган 24 таси ундош товушларни ифодалаш учун хизмат қилган. Бу алифбодаги 10 та ҳарф ҳозир қўлланилаётган ҳарфларимиздан шакл жиҳатидан бироз фарқ қилади: Aa(о), Cс(че), Çç(ж-jo‘ja), Әә(а), Ƣƣ(ғе), Jj(й), Ŋŋ(нг), Oo(ў), Şş(ш), Ƶ ƶ(дж-jurnal).

Лойиҳада эълон қилинган “O‘o‘” ҳарфининг – “Ŏŏ” , “G‘g‘” ҳарфининг – “Ğğ” , “Shsh” ҳарфининг – “Şş” ва “Chch”  ҳарфининг - “Çç” тарзидаги янги шаклини қўллаб-қувватлаш лозим. Уларнинг янгича кўринишига эътироз йўқ. Аммо тутуқ белгиси ва “Ng, ng” ҳарфлар бирикмасининг алифбо сирасида сақланиб қолишига жиддий эътирозимиз бор.

Маълумки, тутуқ белгиси товуш ифодаламаганлиги учун 1995 йил 6 майда қабул қилинган “Ўзбекистон Респуликасининг “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонунга асосан лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси таркибидан чиқарилиб, имло қоидалари доирасида ўрганиладиган бўлди. Шунинг учун уни алифбо таркибидаги ҳарфлар сирасига қўшиш шарт эмас. Агар “Ng, ng” ҳарфлар бирикмаси ўрнига алоҳида битта шаклли ҳарф олинмайдиган бўлса, бу ҳарфлар бирикмасини ҳам алифбо сирасидан чиқариш керак. Чунки янги алифбомизга мустақил ундош товуш ифодаловчи Nn ва Gg ҳарфлари билан бир қаторда, ўзбек тилининг ўзига хос бурун товушини ифодаловчи Ng, ng ҳарфлар бирикмасининг ҳам “адашиб” кириб қолганлиги тилимизни ўрганувчиларни ҳам, мактаб ўқувчиларини ҳам чалғитиб келяпти.

Ёзувда сўзлар таркибидаги ng ҳарфлар бирикмасининг ҳар иккаласи мустақил ҳолда, алоҳида [n] ва [g] ундош товушларини ифодаловчи n ва g ҳарфларидан фарқлашнинг ҳеч ҳам имкони йўқ. Чунки улар шакл жиҳатидан бир хил. Масалан, қуйидаги сўзларда маъно фарқлаш учун хизмат қиладиган ng ҳарфлар бирикмаси билан ёзиладиган бурун товушли сўзларни алоҳида n ва g товушни ифодаловчи ҳарфлар билан ёзиладиган сўзлардан талаффуз этиш орқали уларни бир-биридан фарқлашнинг ҳеч ҳам иложи йўқ. Марҳамат, уларни ёзувда фарқлаб кўринг: tanga (майда, чақа пул) – tanga  (танага, гавдага), ko‘ngil (юрак, қалб) – ko‘ngil (рози бўл), tongin (тонг пайтини) – tongin (инкор эт), singil (қиз қариндош) – singil (синиш), to‘ngimoq (совқотмоқ, музламоқ) – tungi (тун пайтидаги), o‘ngimoq (ранги ўчмоқ, эскирмоқ) – o‘nga (ўн сонига) – o‘ngga (ўнг тарафга), engil (уст-бош) – engil (пастга туш) ва ҳоказо.

Хўш, бу сўзларнинг қайси бири ng бурун товушини ифодаловчи ҳарфлар бирикмаси билан, қайсилари n ва g мустақил ҳарфлари билан ёзилган?! Ваҳоланки, тилимизда бундай сўзлар жуда кўп. Улар ёзувда ng бурун товушини ифодаловчи ҳарфлар бирикмаси ҳамда n ва g мустақил ҳарфлари билан бир хил шаклларда бериладики, бундай сўзларнинг қайси бирида ng ҳарфлар бирикмаси, қайси бирида эса ҳар бири мустақил ундош товушни ифодаловчи алоҳида ҳарф эканлигини фарқлаб бўлмайди. Улар ёзувда шакл жиҳатидан фарқланмаса, талаффузда қандай фарқлаш мумкин? Аммо бу товушлар нутқимизда яққол фарқланади, сўзга бошқа маъно, жаранг ва жило беради, сўзловчи ва тингловчи талаффуздаги ана шу фарқлиликка қараб уларни ўз ўрнида қўллайверади. Афсуски, буни фарқлай олмайдиган ўқувчилар, талабаларгина эмас, айрим телерадиобошловчилари, сухандон ва журналистлар ҳам [ng] бурун товушини алоҳида [n] ва [g] ундош товушлари каби қўпол урғу билан akan-giz, maqsadin-giz, istagin-giz ва ҳоказо тарзда нотўғри талаффуз этиб келишмоқда. Бу сўзлар  aka-ngiz, maqsadi-ngiz, istagi-ngiz, bola-chaqa-ngiz, ko‘ngli-ngiz тарзида мулойим, оҳангдор талаффуз этилиши лозим. Агар янги алифбомизда [ng] бурун товушини ифодаловчи алоҳида Ŋŋ ҳарфи олинса, бу муаммо ўз-ўзидан бартараф бўларди.

Лойиҳада таклиф этилаётган алифбомиз қуйидаги тартиб ва таркибда берилган:

Агар таклиф этилаётган ушбу алифбо сирасидан “Ng, ng” ҳарфлар бирикмаси ва тутуқ белгиси чиқарилса 28 та, агар шу ҳарфлар бирикмаси ўрнига битта шаклли Ŋŋ белгиси олинса 29 та ҳарф қолади. Алифбо таркибига тилимизга байналмилал сўзлар таркибида ўзлашган [ц] ундош товушини ифодаловчи “Cc” белгиси ҳам киритилса, маъқул бўлар эди.

“Cc” ҳарфини алифбомизга киритиш билан, биринчидан, тилимизга тараққий этган дунё тилларидан ўзлашган шундай товушли юзлаб сўзларни ёзишда ва талаффуз қилишда бир хилликка эришардик. Иккинчидан, алифбомиз таркиби ҳам дунё тилларида қўлланилаётган, компьютер ва бошқа ёзув техникаларида мавжуд стандарт 30 та ҳарф билан мукаммаллик кашф этиб, қуйидагича кўриниш оларди: Aa, Bb, Cc, Dd, Ee, Ff, Gg, Hh, Ii, Jj, Kk, Ll, Mm, Nn, Oo, Pp, Qq, Rr, Ss, Tt, Uu, Vv, Xx, Yy, Zz, Ŏŏ, Ğğ, Şş, Çç, Ŋŋ (имло қоидалари асосида ўрганиладиган ʼ тутуқ белгиси алифбо сирасида берилмайди).

Янги алифбомизда иккита ҳарфнинг ортиқча ёки камлиги тилимизни ўрганувчи бошқа миллат вакилларига ҳам, мактаб ўқувчиларига ҳам унчалик катта қийинчилик туғдирмайди. Аксинча, бундай товушли байналмилал сўзларни бехато ёзишга ва талаффуз этишга асос бўлади. Ахир 20 мингга яқин иероглифлар билан японлар, 40 мингга яқин иероглифлар билан хитойликлар дунёнинг илғор илм-фанини эгаллабгина қолмасдан, замонавий электротехника, турли бетакрор саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва бошқа кўплаб соҳаларда илгарилаб кетишига неча минг йиллик тарихга эга мураккаб ёзувлари заррача халақит бераётгани йўқ.

Биз ҳам олдимизда турган энг муҳим – янги алифбомизни такомиллаштириш муаммоси моҳиятини тўғри тушуниб, ортиқча эҳтиросли баҳсларга берилмасдан, ёзувимиз ва имломизни – алифбомиз ва имло қоидаларимизни мукаммаллаштириб, улардаги камчиликларини бартараф эта олсак, биринчи галда, тилимиз тараққиётига катта йўл очамиз. Қолаверса, ёшларимизнинг, бутун халқимизнинг саводхон бўлишига, тилимизни ўрганаётган бошқа миллат ва элат вакилларига катта енгиллик яратишга эришамиз. Алифбомизни мукаммал ҳолга келтирмас эканмиз, унинг янги имло қоидаларини такомиллаштириш, “Давлат тили ҳақида”ги ҳамда “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги қонунларнинг ижросини тўлиқ таъминлашга эришиш бўйича баҳс юритишнинг ўзи ортиқча.

Мардон Болтаев,

СамДУ доценти.