Бош мезон - “халқ прокуратураси” мақомига эришиш
Вилоят прокуратураси органлари фаолиятини ташкил этишда ўтган йили асосий эътибор қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарорлари, шунингдек, учрашувлар ва ҳудудларга амалга оширган ташрифларида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш, тизимли камчиликлар ҳамда аҳолини қийнаётган муаммоларни аниқлаш ва бартараф этишга қаратилди.
Мисол учун, ўрганишлар давомида Пайариқ тумани марказидаги бешта маҳаллада яшовчи аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланмаганлиги, мавжуд тармоқ, сув иншооти ва сув сақлаш ҳовузи яроқсиз аҳволга келиб қолганлиги аниқланди.
Маълумот учун, марказда 28 минг 72 нафар аҳоли истиқомат қилади. Уларни ичимлик суви билан таъминлайдиган тармоқ, сув иншооти ва сув сақлаш ҳовузи 1990 йилларда қурилган бўлиб, бугунги кунда яроқсиз аҳволга келиб қолган.
Муаммони ҳал қилиш мақсадида ичимлик суви билан таъминлаш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, 41 минг 214 метр тармоқ тортиш, сув иншооти ва сув сақлаш ҳовузини реконструкция қилиш режалаштирилди.
Лойиҳа давлат дастури асосида қурилса, қиймати тахминан 25,1 ммиллиард сўмни ташкил этади. Шу сабаб объектни дастурга киритиш узоқ вақт талаб этиши инобатга олиниб, лойиҳани ички имкониятлар ҳамда ҳашар йўли билан амалга ошириш, бунда қурилиш материали учун кетадиган 5 миллиард сўмни ички имкониятлардан келиб чиқиб ажратилиши ҳамда қурилиш ишларини амалга ошириш туман “Сувоқова” ДУК ишчилари ва маҳаллаларнинг кўнгиллиларини жалб этиш белгиланди.
Бундан ташқари, туман “Сувоқова” ДУК, ободонлаштириш бошқармаси ва “Йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси” техникаларидан фойдаланган ҳолда қурилиш ишларини амалга ошириш режалаштирилди. Шу асосда қурилиш материаллари учун қарийб 2 миллиард сўм маблағ ажратилди. Мустақиллик маҳалласида 3700 метр, Алишер Навоий номли маҳаллада 3500 метр ва Фаровон маҳалласида 1500 метр тармоқ тортилди.
Бундан ташқари, 1600 метр мавжуд тармоқ таъмирланиб, янги сув тармоғига уланди. Натижада 217 та хонадон тоза ичимлик суви билан таъминланди.
Қайд этиш лозимки, лойиҳа якунида 28 мингдан кўпроқ аҳоли марказлашган ичимлик суви билан таъминланиши баробарида, 25,1 миллиард сўм маблағ иқтисод қилинишига эришилади.
Шована - ишсизликдан ҳоли ҳудуд
Қўшработ туманидаги бу маҳаллада ўтган йили “Обод хонадон”, “Обод кўча” ва “Обод маҳалла” мезонларини жорий этиш бўйича амалий ишлар олиб борилди.
Бешта қишлоқдан иборат маҳаллада 956 та хонадон, 1250 та оила бўлиб, 5298 нафар аҳоли истиқомат қилади. Боғдорчилик (узумчилик)ка ихтисослашган ҳудудда 2913 нафар меҳнатга лаёқатли аҳолидан 102 нафари ишсиз эди.
Ўтган йили 26 нафар фуқаро доимий ишга жойлаштирилиб, 40 нафари касб-ҳунарга ўқитилди, 159 нафари ўзини-ўзи банд қилди, 30 нафарига эса тадбиркорлик фаолиятини бошлашига амалий ёрдам кўрсатилди. Натижада маҳалла ишсизликдан ҳоли ҳудудга айлантирилди. Хусусан, “Уйчи тажрибаси” асосида 48 та эҳтиёжманд оилага 2500 та товуқ бепул, 111 фуқарога 1 миллиард 600 миллион сўмлик кредит маблағлари эвазига 15 мингга яқин товуқ тарқатилди.
“Сайхунобод тажрибаси” асосида 40 нафар фуқарога қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун 20 гектар ер майдони ажратилиб, суғориш тизими учун 2 та артезиан қудуқ ўрнатилди.
Йил давомида ижтимоий дафтарларда турган 118 фуқарога 98 миллион сўмлик турли ёрдамлар кўрсатилиб, 131 фуқарога 2,3 миллиард сўм банк кредити олишида кўмаклашилди. Бундан ташқари, 15 нафар шахсга 150 миллион сўмлик асбоб-ускуна учун субсидия ажратилди.
Маҳаллада тикувчилик цехи фаолияти йўлга қўйилиб, 20 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланди.
Ҳудудда аҳолининг турмушини яхшилашга қаратилган яна бошқа ишлар ҳам амалга оширилди. Жумладан, 8 километр асосий ва ички йўллар асфальтлаштирилди, 40 километр ички йўлларга қум-шағал ётқизилди, 3,7 километр пиёдалар йўлаги барпо этилиб, 133 та тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди. Ҳар қишлоқда биттадан “Workout” спорт майдончаси қурилди.
Бунёдкорлик ишлари давомида маҳаллий бюджет ва ҳомийлар ҳисобидан 2,4 миллиард сўм сарфланиб, маҳалла биноси барпо этилди. Бино кутубхона ва маънавият маркази фаолияти йўлга қўйилди.
Маҳалладаги 8, 9, 16 ва 35-мактаблар 1,7 миллиард сўмга жорий таъмирланди. “Шована” оилавий поликлиникасида ҳам 480 миллион сўмлик таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, 22 турдаги тиббий ва юмшоқ жиҳозлар берилди, 5 кВт қуёш панели ўрнатилди.
Аслида бу каби ишларни яна кўплаб санаш, мисол келтириш мумкин. Айтмоқчи бўлганимиз эса битта – бугун тизимда ишлаётган ҳар бир ходим бош мезон “Халқ прокуратураси” мақомига эришиш эканлигини ҳис этиб меҳнат қилмоқда.