Ҳовучи шоколадга тўла ўқитувчи ёхуд анъанага айланаётган “тренд”лар

Ижтимоий тармоқларда тарқалган шу мавзудаги видеотасвирларга илк бор кўзим тушганида, ўша ўқувчиларнинг бу қилиғи анъанага айланиб кетмасайди, деган ўй хаёлимдан ўтганди. Афсуски, шундай бўляпти.

Яқинда бир киши катта дўконнинг шоколодлар сотиладиган қисмида туриб, овози баландланган телефони орқали турмуш ўртоғи билан гаплашаётганига гувоҳ бўлдим.

- Аяси, плиткали шоколад олайинми ёки... 

- Плиткалигидан олинг-да. Устознинг қўлидан юмалаб тушиб кетмайдиганидан.

- Хўп, хўп! 

- 2 та бир хил олинг, кичкинтойингизгаям.

- Ҳа, албатта, унгаям оламан, лекин бошқачасидан, чунки у плиткалигини хуш кўрмайди.

- Ўзигамас, унинг ҳам устозига.

- Нима? У ҳали бошланғич синф ўқувчиси бўлса. Уларга умуман ярашмайди-ей.

- Ярашадими, ярашмайдими, ота-оналар гуруҳида шу муҳокама бўляпти. 

- Ҳеч ким қарши чиқмаяптими?

- Чиқяпти, лекин шу “тренд”ни амалга оширишни кўпчилик маъқуллаяпти. 

- Э, “тренд”ларингниям...

Телефон экранидаги қизил тугмани босиб, ўртача нархдаги иккита шоколадни қўлига олди. Уни кузатиб турган яна бир эркак киши ҳам худди шундай шоколаддан 3 дона қўлига олиб, кулибгина деди:

- Боягина бизнинг хонадонимизда ҳам шу масала муҳокама қилинди. Юқори синф ўқувчиларининг фаҳми етиб-етмай, шундай бемаъни қилиқларни анъанага айлантираётганига кўз юмса бўлар, аммо бошланғич синф ўқувчилари учун ота-оналари ташаббус қилаётгани ақлга сиғмайди. Мен ҳам аёлимга нима керак шу “тренд”, деганимда, айрим оналар устоз бундан ҳам зўрларига лойиқ эканлигини айтишяпти, деди.

Тўғри, устоз бундан-да яхши совғаларга лойиқ. Аммо ҳовучига 30-40 та шоколад қўйиш ҳар қандай устозни хурсанд қилади, деб ўйламайман. Шунинг ўрнига биттадан китоб совға қилса, устозининг синф ёки шахсий кутубхонаси анчагина бойиб қолмайдими?

Бу “тренд” қандай аҳамиятга эга? Баъзи устозлар учун ёқимлидир, аммо аксарият ўқитувчилар бундай эътиборни хушламаслиги табиий, менимча. 

1-2 йил аввал ижтимоий тармоқларда тарқалган, бир устознинг ташаббуси билан ўқувчилар ота-онасига қўнғироқ қилиб, уларни яхши кўришини билдириш маъносидаги видеоролик қайсидир маънода тарбиявий аҳамиятга эга эди. Балки бу ҳолат айримларни ота-онасига меҳрли бўлишга ундагандир, лекин баъзи ҳолларда айрим ота-оналар хурсанд бўлиш ўрнига хавотирга тушиб қолганларига ҳам гувоҳ бўлдик. Масалан, ўсмир қизидан биринчи бор “Дада, сизни яхши кўраман”, деган гапни эшитиши меҳрибон отани қандай аҳволга солишни ўйлаб кўринг. Яна бу гапни йиғи аралаш айтиб, телефонни ўчириб қўйса... Хавотирга тушган ота минг бир хаёллар билан ўша рақамга қўнғироқ қилиш учун қайта-қайта уринса-ю, барча уринишлари зое кетса...

Шунингдек, яна бир “тренд” – ўқувчи қизлар устозига гул беришнинг янги “усул”ини ўйлаб топгани. Нима эмиш, аввал бир-бирлари билан ёлғондан жанжаллашиб, ур-йиқит қилиб турган ҳолатни ўқитувчига кўз-кўз қилармиш. Буни кўрган устоз албатта уларни ажратиш учун югуради. “Жанжалкаш” шогирдларининг ёнига етиб боргунча бошида минг бир ташвиши бўлган муаллимга бу асабийлашиш ортиқчалик қилмайдими? Агар у тез-тез қон босими кўтарилиб турадиган ўқитувчи бўлса-чи? Ўқувчиларнинг ўйлаб топган бу қилиғи сабаб устозга бирор кор-ҳол бўлиб қолса, кейин совға қилмоқчи бўлган гулларини бошларига ёстиқ қиладими?

Аксарият ёшларимиз тунда кўзлари уйқуга кетгунга қадар қўлидаги уяли алоқа воситасига тикилади. Яна ҳар тонг уйғониши билан телефонига ёпишади. У орқали маънавиятига салбий таъсир кўрсатадиган видеороликларни берилиб томоша қилади, таҳдидларга эътибор қилмайди. Аслида четдан кириб келаётган бу каби “тренд”ларнинг маҳаллийлашиб, анъанага айланиб кетаётганига ким айбдор? 

Тўлқин СИДДИҚОВ.