Адлия қарор чиқартириб беряпти. МИБчи, ундиряптими?

Муайян корхонадаги ходимларнинг бузилган ҳуқуқлари адлия идоралари томонидан тикланаётгани борасида бир нечта материаллар эълон қилинди.

Хусусан, Оқдарё тумани адлия бўлими бошлиғи Даврон Ашуровга кўра, туман маданият бўлими - маданият ва аҳоли дам олиш марказининг 4 нафар ходимига салкам 70 миллион сўм иш ҳақи тўланмаган.

Ҳолат, туман адлия бўлими томонидан тумандаги маданият бўлими - маданият ва аҳоли дам олиш марказида Президентимизнинг 2020 йил 26 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан ўтказилган мониторингда аниқланган.

Қайд этилишича, мониторинг натижасида 4 нафар марказ ходимига тўланиши лозим бўлган ойлик иш ҳақлари ва унга тенглаштирилган тўловлар тўланмаганлиги аниқланди. Шу боис, адлия бўлими томонидан фуқаролик ишлари бўйича Пайариқ туманлараро судига 4 нафар фуқаро манфаатини кўзлаб ариза киритилган.

Киритилган аризалар суд томонидан қаноатлантирилиб, Оқдарё тумани маданият бўлими - маданият ва аҳоли дам олиш марказининг зиммасига 4 нафар ходимнинг 69 миллион 75 минг 353 сўмлик иш ҳақини тўлаб бериш мажбурияти юклатилган.

Шу ўринда табиий савол туғилади: суднинг қарори чиққани яхши, аммо унинг ижроси-чи?