Қўшни вилоятларда нима гап?: Айдаркўл - “Саҳро марвариди”

Жиззах шундай масканки, унинг бир оёғи чўл ҳудудида бўлса, бир оёғи Бахмал, Зоминдек тоғли ва ўрмонзорларга тегиб туради. Шунинг учун бу ерга ташриф буюрган ҳар қандай киши беминнат офтобдан яхшигина қорайиши ёки салқин, тоза ҳавосидан баҳра олади.

Аммо бугун жиззахликларнинг меҳнати, тадбиркорлиги туфайли чўл анча чекинган. Бунда чўл қўйнида ястаниб ётган Айдаркўл деган улкан уммоннинг мавжудлиги ҳам катта роль ўйнайди.  

Дарҳақиқат, “Саҳро марвариди” номини олган Айдаркўл ўзига хос табиати, наботот ва ҳайвонот олами билан нафақат бутун минтақада, балки Марказий Осиёда ҳам машҳур. Унинг бир томони Жиззах вилояти ҳудудидан бошланиб, иккинчи томони Навоий вилояти Қизилқум чўлларигача, учинчи томони Нуротанинг Оқтовидан Форишнинг баланд қояларигача туташган кенгликларда кўм-кўк бўлиб, ястаниб ётибди. 

Айдар-Арнасой кўллар тизимининг умумий майдони 370 минг гектар, узунлиги қарийб 300, ўртача кенглиги 25 километрдан иборат бўлиб, энг чуқур қисми 30 метрни, ўртача чуқурлик эса 7 метрни ташкил этади. 

Афсуски, ушбу кўллар тизимида охирги йилларда сув сатҳининг пасайиши ва сувнинг тузланиш даражаси ошиши кузатилмоқда. Бугун Айдар-Арнасой кўллар тизимининг сув ҳажми 36,8 куб/километрни ташкил этмоқда. Охирги 15 йил давомида бу ерда сув 5,2 куб/километрга камайган. 

– Айни пайтда Айдар-Арнасой кўллар тизими ҳудудида туризм турларини ривожлантириш учун зарур муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси ташкил этилмоқда, - дейди Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги Жиззах вилоят бошқармаси бошлиғи Синдор Қорабоев. – Бунинг натижасида Айдаркўлга маҳаллий ва хорижий сайёҳларнинг келиши 2-3 бараварга кўпаяди.  

 Ухумдаги мўъжизалар

Вилоятда туризм салоҳиятини ошириш борасида олиб борилаётган саъй- ҳаракатлар натижасида ўтган бир йил давомида Жиззахга 250 мингдан ортиқ чет эллик сайёҳ ташриф буюрган. Бунга воҳанинг ўзига хос табиати сабаб бўлса, яна бир сабаби - сайёҳлик салоҳияти юқори бўлган жойларда хизмат кўрсатишнинг яхши йўлга қўйилганлигидир.  

- Кейинги йилларда биргина Фориш туманида туризм соҳасини ривожлантириш мақсадида қарийб 8 миллиард 566 миллион сўм маблағ сарфланди, бунинг натижасида 2022 йилнинг биринчи чорагида “Ухум” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Юқори Ухум қишлоғида битта оилавий меҳмон уйи ҳамда Ҳаёт қишлоғида 35 ўринли меҳмонхона ташкил этилди, - дейди вилоят туризм ва маданий мерос бош бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Нурсултон Анорбоев. - Ҳозирги кунга қадар туманда 126 ўринли 13 та  оилавий меҳмон уйлари фаолият юритиб келмоқда.   

Дарҳақиқат, Нурота тоғ тизмаси этагида жойлашган Ухум қишлоғи бугун маҳаллий ва хорижий меҳмонларнинг диққат марказида. Унинг ўзига хос, бетакрор табиати ҳудудга илк бор ташриф буюрган меҳмонларда ўз мафтункорлиги, мусаффо ҳавоси билан таассурот қолдиради.

Сабаби, нафақат бу ер, балки туманнинг сайёҳлар ташриф буюрадиган бошқа манзилгоҳлари ҳам бевосита табиат мўъжизалари билан уйғунлашган. Унинг шимолий қисмини Айдаркўл сувлари ювиб турса, Қизилқум қишлоғида бепоён ва оловранг саҳрога дуч келасиз. Хонбанди қишлоғидаги шаффоф, зилол шаршара йилнинг уч фаслида ўзининг ажойиб тароватини йўқотмайди. 

Ёрмамат Рустамов.

(Давоми бор)