1 июндан ҳайдовчилик гувоҳномаси давлат хизматлари марказларида алмаштирилади

Жумладан, ФҲДЁ органларига тегишли бўлган туғилганлик, ўлимни қайд этиш, архив ҳужжатлари, гувоҳномалар бериш, ФҲДЁ далолатномасини тиклаш, ўзгартириш, тузатиш, қўшимчалар киритиш, электр энергияси, табиий газ, ичимлик сувини ҳисобга олиш ускунасини ўрнатиш, ечиш, қиёслашга ариза топшириш ва Тошкент давлат юридик университетига ҳужжат топшириш каби 31 турдаги янги хизматлар жорий этилмоқда.

Мазкур давлат хизматлари жорий йилнинг 1 июнидан эътиборан синов тариқасида, Паст Дарғом туман давлат хизматлари марказларида кўрсатила бошланади. Хизматлар сифати ва тезкорлигини таъминлаш учун тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.

Шунингдек, Президентимизнинг 2018 йил 13 апрелдаги фармонига мувофиқ, жорий йил 1 июлдан бошлаб фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларининг ҳуқуқни қўллаш амалиётини мувофиқлаштириш, фаолиятини методик таъминлаш, "ФҲДЁнинг ягона электрон архиви" ахборот тизимини юритиш, унинг ҳудудий архивларига раҳбарлик бўйича вазифалар Адлия вазирлиги ҳузуридаги давлат хизматлари агентлиги зиммасига юклатилган ҳолда ФҲДЁ органлари туман (шаҳар)лар ҳокимиятлари тасарруфига ўтказилмоқда.

Ҳайдовчилик гувоҳномаларини янги турдаги гувоҳномаларга алмаштириш ҳозиргача Тошкент шаҳрининг Миробод, Юнусобод, Учтепа ва Шайҳонтоҳур туманларидаги давлат хизматлари марказларида амалга оширилаётган бўлса, жорий йилнинг 1 июнидан республикамизнинг барча вилоятларидаги биттадан туманда жорий этилади. Вилоятимизда ҳам бу жараёнга қизғин тайёргарлик бошлаб юборилган. Ишларнинг тизимли йўлга қўйилиши жисмоний ва юридик шахслар сарсонгарчилигининг олдини олиб, вақтини тежашга хизмат қилади.

Алишер ПРИМОВ,

давлат хизматлари агентлиги

вилоят бошқармаси масъул ходими.