10 баробар "нагрузка" билан ишлаётган тизим қарздорликнинг ярмини ҳам ундира олмаяпти
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясида вилоят Мажбурий ижро бюроси бошлиғининг ҳисоботидан сўнг шундай хулоса қилиш мумкин.
Ҳисоботга кўра, вилоятдаги МИБ органларида 164 нафар давлат ижрочиси фаолият олиб бормоқда. Ўтган йилда 368 971 та ижро ҳужжатлари тамомланган, яъни якуний қарор қабул қилинган. Бу эса бир ойда ҳар бир давлат ижрочисига ўртача 187 та ижро ҳужжати тўғри келаётганини кўрсатади.
Ваҳоланки, Адлия вазирлиги ва Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг 2011 йил 4 мартдаги “Суд ижрочиларининг иш ҳажми меъёрларини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қарорида битта давлат ижрочиси томонидан бир ойда 19 та ижро ҳужжатининг ижроси таъминланиши нормал ҳолат сифатида белгиланган.
Бундан кўринадики, давлат ижрочилари қарийб 10 баробар юклама билан ишламоқда.
Бунинг оқибати эса суд қарорлари ижросини таъминлашда ҳам яққол "акс этмоқда".
Жумладан, ўтган йили 6,5 трлн. сўмлик ижро ҳужжатлари юзасидан мажбурий ижро тадбирлари амалга оширилган.
Алал-оқибат 2,4 трлн. сўмдан ортиқ маблағ ундирилган (30 фоиздан кўпроқ, лекин 40 фоиз эмас).