10 нафар танлов ғолибларига сертификат топширилди

Самарқанд вилояти ҳокимлигида халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан эълон қилинган “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастури ижросини таъминлашда таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш” мавзусидаги давлат гранти 1-тур танлови ғолибларига сертификат топширилди.

Шундан сўнг вилоят матбуот уйида мазкур грант танловининг 1-тур якуни ҳамда 2- ва 3-тур танлови бошланишига бағишланган брифинг ўтказилди.

Унда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятлари институтларининг жамиятимиздаги фаолиятини ошириш, уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилган танловнинг аҳамияти, унга келиб тушган лойиҳалар, 1-тур натижалари, кейинги тур танловлари ҳақида маълумот берилди.

- Танловда барча нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаол иштирок этишини таъминлаш, улар лойиҳасини амалга оширишга кўмак бериш мақсадида вилоят маркази ва туманларда семинар-тренинглар, тушунтиришлар олиб бордик, - дейди Миллий Ассоциация ҳудудий бўлинмаси бош мутахассиси Фотеҳ Раҳматов. – Натижада танлов якунига кўра, 734 миллион сўмлик жами 24 та грант лойиҳаси келиб тушди. Улар орасида 10 та лойиҳа ишчи гуруҳ томонидан ижобий деб баҳоланиб, уларга ушбу лойиҳани амалга ошириш учун сертификатлар топширилди.

 - Чекка қишлоқларда, маҳаллаларда китобсеварлар кўпчиликни ташкил этади, - дейди Ойгул Маматова. – Биз маҳалла аҳолисини китобхонликка жалб этиш, уларга қулай шарт-шароит яратиш мақсадида “Ёш китобхонлар амфитеатри”ни очиш ҳамда театр ҳузурида “Халқ кутубхонаси номли электрон кутубхона фаолиятини ташкил этиш” бўйича ўз лойиҳамизни тақдим қилдик ва танлов ғолиби бўлдик. Насиб бўлса, туманимизда китоб мутолаасига қизиқувчи китобхонлар учун мўъжазгина гўша бунёд этамиз.

Шунингдек, брифингда Жамоат фонди томонидан “Жамиятда инсон ҳуқуқлари ва мулоқот маданиятини юксалтиришда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаоллигини ошириш” номли 2-тур ҳамда “Туризм ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш, маҳалла ва оилаларда соғлом турмуш тарзини ва аҳоли соғлиғини мустаҳкамлашда жамоатчиликни кенг жалб қилиш” номли 3-тур танловлари эълон қилингани ҳақида маълумот берилди.