100 ёшга киришнинг сири

15 май – Халқаро оила куни

Самарқандлик  юз ёшли онахонни атроф маҳалла Катта ая деб чақиришади. Бу фақат у кишининг ёши билан боғлиқ эмас. Онахон урушдан кейин озиқ-овқат танқислиги бутун мамлакатни қийнаб турган бир пайтда атрофдаги ўнлаб хонадонларнинг болаларини эмизиб катта қилган.

Онахон ҳаёти билан яқиндан танишар эканмиз, инсон иродаси бунчалик катта матонатни қаердан олар экан, атрофдагиларингга мудом, 80, 90, ана борингки 100 ёшда ҳам яхшилик соғиниб яшаш, яхшилик улашиб юриш учун қанчалик меҳр керак экан, деб ўйлаб қолдим. Ахир орамизда ҳали элликка кириб-кирмай бу бевафо дунёнинг ташвишларидан нолиб, ҳайратларини сўндириб қўйган одамлар камми? Олтмишга яқинлашиб, одамларга яхшилик қилдиму, лекин яхшилик кўрмадим, деб савобу саховатга этак силтаб қўйганлар озмунчами? Юз ёшли онахон, Самарқанд шаҳри, Хўжасоат маҳалласида истиқомат қилувчи Муслима Каримова келинларини пошшойим, қизларини жоним деб чақиради, невараларини суюгим деб эркалайди.

Саҳар турганда барака бўлади

Онахоннинг уйига кириб борар эканмиз, хонадондаги ўзига хос муҳитдан ҳайрон қолдик. Худди байрам нишонланаётгандай, фарзанду, неваралар хуш кайфиятда, Муслима онахон ўртада ўтирволиб, барчаларини номма ном санаб дуо қилиб қўлларини кўтарганлари кўтарган. 70 ёшли онахонлар ҳам онажоним, деб момога эркаланганларини кўришнинг ўзи бир завқли. Ҳайратимни яширолмай, бирор санани нишонлаяпсизларми, деб сўрадим. “Шу ёшларида онамизнинг дуода ўтиришлари биз учун байрамда” дея жавоб берди фарзандлар.

- Онам табиатан шунақа, шукрли, ҳар бир кунини хурсандчилик билан ўтказади, - дейди онахонинг қизлари, 70 ёшли Сайёра Мамедова. – Хурсандчилик билан деганим ўйин-кулгу эмас, балки яхши кайфият, кундалик ишларни завқ билан бажаришдир. Эсимни танибманки, онамнинг бўш ўтирганларини кўрмаганман. Ҳамма ишлари режали ва тартибли бўларди. Бола пайтимиз эрталаб соат тўртда уйғонганларини эслайман, ҳозир ҳам шундай. Саҳар туриб, кўчаларни супуришдан тортиб, томорқа экинларига қараш, болаларга нимадир тайёрлаб қўйиш – ҳаммасини муҳайё этардилар.

Онахон турмуш ўртоғи Мурод Розиқов билан 11 нафар фарзандни катта қилганлар. Бугунги кунда фарзандларининг саккиз нафари ҳаёт, юздан ортиқ невара, чевара, эваралари йиғилса бир уйга сиғмайди.

Қўшнилар орасида девор бўлмаган

- Ёшлигимизда қўни-қўшнилар билан орамизда девор бўлмасди, уларнинг болалари бизникига, бизники уларникига бемалол кириб-чиқиб юришарди, - дея ёшлик йилларини хотирлайди онахон. – Урушдан кейинги қийин йиллар эди, ҳамма қийналиб қолганди, лекин ўшандаям бир-биримиздан ҳеч нимани аямасдик. Қўшни тенгдошларим ҳаммаси завод фабрикага ишга чиқишга мажбур бўлди. Эмизикли боласига ўзим қараб турардим. Шуларни боласи оч қолмасин, сут келсин, деб нимадир ейишга уринардим, лекин кўп нарса ейолмасдик-да. Эййй, болам, нимасини айтасан, аччиқ пиёз еб ўтган кунларимиз қанча эди. Худонинг марҳаматини қарангки, одам астойдил истаса сут ҳам келаркан. Қўшниларнинг йигирмага яқин болаларни шунақа қилиб катта қилдим. Ўша болаларнинг неваралари ҳам мени ҳозир катта ая деб чақиришади. Томорқамизда ҳамма нарсани ўзим етиштирардим, уйда ўша экинлардан овқат тайёрлаганмиз.

Фарзандлар, қўни-қўшниларнинг айтишларича, онахон 90 ёшларигача ўша одатларини тарк этмаган, яъни тешачаси билан экинларини ўзи парвариш қилган. Оилада кўчадан кўкат, баъзи сабзавотлар деярли сотиб олинмаган экан.

Маҳалламизнинг Лутфихоним Сармисоқоваси

- Муслима онажон ҳудудимизнинг Лутфихоним Саримосоқоваси, - дейди Самарқанд шаҳридаги Панжоб жоме масжиди отинойиси Гулчеҳра Ашурова. – Бу актрисани кўпчилик оналар тисолига айлантириб юборган, бутун Ўзбекистоннинг аяси, деб аташади. Бу кишига маҳалламиз аҳли худди шундай муносабатда. Негаки, онахоннинг тилларидан жоним, пошшойим деган сўз тушмаган. Оналаримиз, бувиларимиз у киши ҳақида жуда кўп яхши гапларни айтганларини кўп эслаймиз. Кечиримлилиги, бағрикенглиги, ҳар доим, ҳатто ёмонлик қилганларга ҳам меҳр улашганлари, юзларидан кулгу аримагани учунми, бир кўрган одам у кишини яна бир кўрсам дейди. Меҳмондўстлигию, одамохунлигини айтмайсизми? Шунинг учун балки, у кишини Аллоҳ мана шундай узоқ ва файзли умр билан сийлагандир. Ахир ўзинг яхши бўлсанг олам яхши, деган гап борку.

Уйимизда ҳеч қачон жанжал бўлмаган

- Онамнинг тартибли ҳаётига доим ҳавас қилганмиз, - дейди катта келини Ҳакима Қурбонова. – Эрта тонгда туриб, то еттигача ҳамма ишларини бажариб бўлардилар. Баъзида ҳали келинлик пайтимиз тонг қоронғусида кўчаларни супуриб-сидириб, қўшниларга келинларим тозалаб қўйди, деганлар. Биз тўрт овсин, эгачиларим билан ҳеч қачон сан-манга бормаганмиз. Кўпчилик ҳайрон қолади, четдан келганлар ҳатто ишонмайди ҳам. Лекин бу рост. Шу ёшга кириб бирон марта уйимизда жанжал бўлганини, уришиб қолганимизни эслолмайман. Бунинг ҳаммаси онажонимиз сабаб, деб ўйлайман. Чунки у киши ҳаммамизнинг яхши томонимизни айтиб, бизни яхшиликка ундаганлар. Қизларига ҳам келинларининг фақат яхши томонларини айтганлар. Билмаганимизни ўргатган, яхшимизни оширганлар, борга ҳам, йўққа ҳам шукур қилишни ўргатганлар. Тозаликка, қатъий овқатланишга жуда эътиборлилар. Яъни нонушта, тушлик, кечки овқат ҳар доим бир вақтда бўлар, тушликда иссиқ таом билан салат, кўкатлар доим дастурхон устида бўлиши керак эди. Бизларни ҳам шунга ўргатганлар.

Онахонни кузатиб, фикрларни эшитар эканмиз, у киши бугун оиладаги тотув яшаш сирининг тимсоли эканига гувоҳ бўламиз. Чунки хотиржамлик, намунали оила бўлиш учун оилада у ёки бу камчиликлар бўлиши мумкин. Аммо бу оилада ҳаммаси бадастир эканига амин бўласиз. Муомала муносабат дейсизми, кичикларга иззат, катталарга ҳурмат, қўни-қўшничилик ҳурматими, тозалик-саришталик, пазандалик, чиройли рўзғор тутуми – ҳаммаси манаман деб, ортиқча безакларсиз кўзга ташланиб турибди. Кўзга ташлангани сайин ҳавасингизга, ҳайртингизга сазовор бўлади. Наҳотки, шу жуссаси кичик, бақамтигина, нурли онахон шундай катта оилани бирлаштириб, уларга маънавий қувват бериб туришни эплаётган бўлса, дея тасанно айтасиз.

Гулруҳ МЎМИНОВА.