Кексайиш билан улғайиш ўртасида қандай фарқ бор?

Кунлардан бирида профессор бизга янги талабани таништирди. Ёнимга очиқ чеҳрали, муштдеккина бўлиб қолган қари кампир келиб ўтирди.

- Салом гўзал қиз, менинг исмим Роза, ёшим 87 да, -деди у. – Сен билан бирга ўтирсам бўладими?..

- Албатта. Шундай улуғ ёшда сизни университетга нима етаклаб келди – билсам бўладими?

- Мен доимо олий маълумотга эга бўлишни орзу қилардим, - деди кампир.

Биз шу кундан бошлаб ҳар куни бирга тушлик қиладиган бўлдик. Семестр охирида, битирув кечасида ундан табрик сўзи айтишни сўрадик. У минбар томон юрар экан қалтироқ қўлларидаги қоғозларни тушириб юборди.

- Барчангиздан узр сўрайман, одам қариганда фаромушхотир бўлиб қоларкан, - деб шпаргалкасиз сўз бошлади.

- Келинг, кўнглимдан нима кечаётган бўлса шуни сўзлаб берай. Сизларнинг муваффақиятингиз ёшлик ва бахтдан иборат. Инсон ҳар куни табассум қилиши керак. Энг муҳими эса ҳар бирингизни орзуингиз бўлсин. Орзу қилишдан тўхтадингизми – ўша куни ҳаётдан кўз юмасиз. Атрофимизда қанчадан-қанча тирик мурдалар бор – буни ҳатто ўзлари ҳис қилишмайди. Қариш билан улғайиш ўртасида ниҳоятда катта фарқ бор. Мабодо 19 ёшда бўлсангиз-у кун бўйи диванда чўзилиб ётсангиз ва ҳеч бир фойдали иш қилмасангиз – сиз энди 20 га тўласиз. Мен  ҳозир ҳеч нарса қилмай диванда ётсам – билингки, 88 ёшга кириб қўяман. Қариб қолишнинг ҳеч қандай қийин жойи йўқ. Кексайиш учун алоҳида истеъдод шарт эмас. Ёшингиз ўтиб, ҳаётингиз ўзгариб бораётганда ҳам янги имкониятларни топиш – бу истеъдоддир. Ҳеч бир нарсадан афсусланманг! Қариялар амалга оширган ишларидан афсусланишмайди, улар қилишга улгура олмаган ишларидан қайғуришади. Ҳаёти афсусларга тўла одамгина ўлимдан қўрқади.

Бир йилдан сўнг Роза буви олий маълумотга эга бўлди. Яна бир йилдан сўнг эса ҳеч кимга оғири тушмасдан уйқусида тинчгина вафот этди.

Эсда тутинг: қариш – муқаррар. Улғайиш эса ҳар кимга ҳам насиб этавермайди.

Рус тилидан Жалолиддин Сафоев таржимаси.