11263-рақамли жиноий иш ёхуд яна бир қатағон қурбони қисмати ҳақида

1938 йил 17 январда ЎзССР НКВД Самарқанд сектори бошлиғининг ёрдамчиси, Давлат хавфсизлиги катта лейтенанти Смирнов Обид Ҳамидовга нисбатан очилган 11263-рақамли тергов иши ҳужжатлари билан танишиб, 1906 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, айни пайтда Самарқандда истиқомат қилаётган ва вилоят «Ленин йўли» газетаси муҳаррири бўлиб ишлаётган бу инсонни ҳибсга олиш ҳақида қарор қабул қилади.

Унинг бу қарорини 23/И-1938 йилда ЎзССР Ички ишлар халқ комиссари, Давлат хавфсизлиги майори Апресян ва НКВД Самарқанд сектори бошлиғи, Давлат хавфсизлиги катта лейтенанти Калмиков, 24/И-1938 йилда ЎзССР прокурори Шейндлин тасдиқлашади.

Ушбу жиноят иши ҳужжатларида кўрсатилишича, Обид Ҳамидовга «Самарқанддаги мавжуд аксилинқилобий қўзғолончилар гуруҳининг фаол аъзоси, ушбу ташкилотнинг топшириқларини бажариб келган шахс», деган айблар қўйилиб, унга нисбатан ЎзССР ЖКнинг 67, 57-1 моддалари қўлланилган эди.

1938 йил 8 февралда терговни олиб бориш топширилган НКВД Самарқанд сектори, 3-бўлими бошлиғи ёрдамчиси, Давлат хавфсизлиги кичик лейтенанти Арзамасев бу айбловлар устига яна «Ватанга хоинлик қилиб, қуролли қўзғолонни тайёрлашда фаол иштирок этган», деган қўшимчалар киритиб, уни НКВД Самарқанд секторининг ички қамоқхонасида сақлаш бўйича илгари чиқарилган қарорни ўз кучида қолдиради.

Ўша йилнинг 28 январида унинг Самарқанд шаҳар Склянский кўчаси, 16-уйдаги хонадонида, 29 январда «Ленин йўли» газетаси таҳририятидаги иш хонасида гувоҳлар иштирокида тинтув ўтказилади. Лекин бу тинтувлар НКВД ходимларига унинг аксилинқилобий қўзғолончилар гуруҳи аъзолигига оид далилларни топишда ҳеч қандай натижа бермайди.

Ҳибсга олинган пайтда тўлдирилган далолатномага кўра, унинг қарамоғида хотини – 24 ёшли Ражабой Жабборова ва уч нафар ёш болалари бўлган. Бундан ташқари, Москва давлат университетида ўқиётган 30 ёшли укаси Зоҳид Ҳамидов, Тошкентда яшовчи 24 ёшли укаси Фузаил Ҳамидов борлиги ҳам қайд этилган.

1938 йил 29 январда ўтказилган биринчи терговда у ўзининг ҳеч қачон қандайдир «аксилинқилобий қўзғолончилар гуруҳи аъзоси» бўлмаганлигини ва бундай ташкилот борлигини билмаслигини таъкидлайди. 15 февралдаги терговда ҳам айнан шу ҳол такрорланади. СамДУ ректори бўлиб ишлаган ва «халқ душмани» сифатида ҳибсга олинган Ҳикмат Файзуллаев, «аксилинқилобий қўзғолончилар» ташкилоти аъзоси, деб топилган Абдуллажон Раҳимовларнинг кўрсатмаларида Обид Ҳамидовнинг Самарқанддаги аксилинқилобий қўзғолончилар ташкилоти аъзоси эканлиги айтилганди. Бу одамлардан ушбу тергов кўргазмалари қандай қилиб ва қай усулда олинганини тахмин қилсакда, лекин терговчи улардаги чалкашликларга ҳам эътибор бермай, Обид Ҳамидов устидан кўпроқ далил ва ҳужжатлар тўплашга интилиб, далолатномага киритаверган.

Масалан, Ҳикмат Файзуллаев 1937 йил 12 декабдаги терговда СамДУда ишламайдиган Обид Ҳамидовни негадир «университет илмий ходими», деб кўрсатса, Абдуллажон Раҳимов уни 1937 йил 14 декабрдаги терговда Каганович номли колхоз партия ташкилотчиси, деб атайди. Ҳолбуки, О.Ҳамидов ўз қўли билан ёзган таржимаи ҳолининг бирор бир жойида на «университет илмий ходими», на Каганович колхозида партия ташкилотчиси бўлганини эслатмайди. Эҳтимол, колхозга вакил бўлиб боргандир. Терговчи Самарқанд вилояти «Лелин йўли» газетасини тергов далолатномасига «Самарқанд районида чиқадиган газета», деб киритади.

Бундан ташқари, Ҳ.Файзуллаев О.Ҳамидов аксилинқилобчилар ташкилотига Умаров томонидан жалб қилинган, деб кўрсатма берса, З.Сатторов 1938 йил 26 январдаги терговда уни Самарқанд шаҳар партия қўмитаси биринчи котиби Ҳожиметов тарафидан ушбу гуруҳ сафига тортилган, дейди. 1938 йил 27 октябрь куни НКВДнинг Самарқанд сектори, 3-бўлим бошлиғи ёрдамчиси Затуранский томонидан ёзилган тергов хулосасида О.Ҳамидов аксилинқилобчилар гуруҳи аъзолигига СамДУ ходими Раҳматулла Малин томонидан тортилган, деб қайд қилинади.

Мана, О.Ҳамидовнинг ўзи терговчига айтиб ёздирган таржимаи ҳолидан парчалар: “Мен 1906 йилда Тошкент шаҳрида қурувчи-ишчи оиласида туғилганман. 1918 йилда отам вафотидан сўнг бобом қўлида тарбияландим. 1920-1926 йилларда интернатда ўқидим ва яшадим. Шу ерда яшаб, 1926 йилда педтехникумни ҳам тугатдим. Шундан кейин маориф халқ комиссарлиги мени Самарқанд шаҳрига, 9 ойлик педагогика курсларига ўқитувчи қилиб юборди. 1927 йилда Самарқанд педакадемиясига ўқишга кирдим ва уни 1930 йилда тугатдим. Шу йиллар давомида педтехникумда ўқув бўлими мудири бўлиб ишладим. Кейинчалик чорвачилик техникумида шу вазифада хизмат қилдим.

1931 йилда Тошкентга чақирилиб, Ер-сув халқ комиссарлигида деҳқон ёшлари курсларининг раҳбари этиб тайинландим. 1932 йилда яна Самарқандга, агроколхоз институтига ўқув бўлими бошлиғи қилиб юборилдим. 1933 йилда Тошкентдаги Марксизм-Ленинизм институтига ишга тайинландим. 1935 йилда Самарқанддаги Коммунистик олий ўқув юрти директори вазифасига йўллашди. 1937 йил бошида яна агроколхоз институтига ишга ўтдим. Кўп ўтмай «Ленин йўли» газетаси муҳаррири этиб тайинландим”.

Айбларига иқрор қилиш учун НКВД ходимлари унинг бошига не кунларни солишгани бизга қоронғу. Лекин нима бўлганда ҳам ўз фикрида собит турди ва аксилинқилобий-қўзғолончилар гуруҳи аъзоси, деган барча айбловларни рад этди. Бундай ҳол бир ярим йил давом этди. Тинимсиз тергов ва тазйиқлар уни ҳолдан тойдирса ҳам фикридан қайтмади.

1938 йил 26 апрелда НКВД Самарқанд сектори бошлиғи ёрдамчиси, Давлат хавфсизлиги катта лейтенанти Смирнов, НКВДнинг Самарқанд вилояти бошқармаси, 3-бўлими бошлиғи ёрдамчиси, Давлат хавфсизлиги кичик лейтенанти Арзамасев тўлдирган айблов хулосасида унинг ишини СССР НКВД ҳузуридаги алоҳида кенгаш эътиборига ҳавола этиш лозимлиги айтилган эди.

1938 йил 15 майда Самарқанд вилояти прокурорининг ёрдамчиси ушбу жиноят иши ҳужжатлари билан танишиб, ўз хулосасини ёзади: «Тергов материалларини кўриб чиқиб, уларни ҳеч қандай жиддий асосга эга эмас, деб топдим ва зудлик билан О.Ҳамидовни ҳибсдан озод қилиш ҳамда ушбу жиноий ишни ҳаракатдан тўхтатиш лозимлиги ҳақидаги масалани қўяман».

Ҳа, ўша оғир дамларда ҳам НКВД тазйиқидан чўчимай, қонунчиликка риоя этилишини таъминлаш, ўз фикрини дадил айтишга қодир прокуратура ходимлари оз бўлса-да, топиларди...

1939 йил 27 майда (бу пайтга келиб НКВДнинг Самарқанд вилояти бошқармаси собиқ бошлиғи Калмиков, унинг қўл остида ишлаганларнинг кўпчилиги ҳам ишдан олинган эди) Давлат хавфсизлиги кичик лейтенанти Колпаков Обид Ҳамидовга нисбатан очилган жиноий ишни қайта тергов қила бошлайди. У ўз хулосасида О.Ҳамидовга қўйилган бирор-бир айб ўз тасдиғини топмаганлигини, ҳатто кўрсатма берганлар юзлаштирилиб, далолатнома тузилмаганлигини, О.Ҳамидовга қарши гувоҳлик берганлар буларни тазйиқ остида мажбуран айтишганини тан олиб, улардан воз кечишини билдираётганлигини ёзади. Шундай қилиб, қарийб бир ярим йил давом этган азобли кунлардан сўнг газета муҳаррири О.Ҳамидовга нисбатан очилган жиноий иш ҳаракатдан тўхтатилади ҳамда у озодликка чиқади.

Афсуски, унинг шундан кейинги тақдири ҳақида ҳозирча ҳеч қандай маълумотлар тополмадик.

Музаффар Муқимов,

СамДУ тузилмасидаги Қатағон қурбонлари хотираси вилоят музейи директори.